Ажримларда тарафлар, айниқса, фарзандлар оғир моддий аҳволга тушишининг олдини олиш учун никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини тарғиб қилиш лозим. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 14 октябрдаги йиғилишда таъкидлади.
Йиғилишда маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва ёшлар тарбияси бўйича ечим топилиши керак бўлган бир қатор масалалар кўрсатиб ўтилди.
Масалан, йил бошидан 32 мингга яқин оила ажрашиб кетгани, 16 минг ота-она алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётгани, оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари барчани — ҳокимлар, «маҳалла еттилиги», нуронийлар, бутун жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиши кераклиги қайд этилди.
Оила қуриш бу — нафақат ўзи, балки турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги катта масъулият эканини ёшларга тушунтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ажримларда тарафлар, айниқса, фарзандлар оғир моддий аҳволга тушишининг олдини олиш учун никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини тарғиб қилиш лозимлиги таъкидланди.
Никоҳ шартномаси бу никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувдир.
Никоҳни тугатиш мобайнида тартибга солиниши энг қийин бўлган масалалардан бири бу мулкнинг бўлинишидир. Никоҳ шартномаси, асосан, мулк бўлиниши ва мажбуриятлар тақсимланиши қай тартибда амалга оширилишини олдиндан белгилаб беради.
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар ҳам, шунингдек, никоҳ даврида ҳам тузилиш мумкин. Никоҳ давлат рўйхатга олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.