Россиянинг Челябинск вилоятида ота-она қарамоғисиз қолган беш нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Бош консулхонаси 2 ёшдан 17 ёшгача бўлган беш нафар болани ватанга қайтариб олиб келиш мақсадида Челябинск вилояти Ижтимоий муносабатлар вазирлиги Васийлик ва ҳомийлик ишларини ташкил этиш маркази раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
«Учрашув давомида томонлар масалага доир ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, Бош консулхона ходими гувоҳлигида вояга етмаган фуқароларни топшириш ва қабул қилиш жараёни билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни расмийлаштирди», — ейилади хабарда.
Вояга етмаган Ўзбекистон фуқаролари 11 октябрь куни «Екатеринбург — Тошкент» авиарейси орқали мамлакатга кузатиб қўйилди.
Аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ота-она қарамоғисиз қолган болалар Ўзбекистонга олиб келингани хабар берилган эди. Улардан икки нафари яқинлари бағрига қайтарилади, бошқаси эса оилавий болалар уйига жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, 30 июлдан 30 августга қадар бўлиб ўтган «Ватанга қайтариш» хайрия акцияси доирасида 15 та давлатдан 1300 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди. Уларнинг 654 нафари аёллар, 438 нафари эса болалардир. Энг кўп — 993 нафар фуқаро Россиядан қайтарилган.