Самарқанддаги мактабда ўқувчини калтаклаган кадрлар менежери ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Воқеа 6 октябрь куни соат 09:30 лар атрофида Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги 71-ўрта таълим мактабида содир бўлган. Мактабнинг кадрлар бўйича менежери Қ.С.нинг олдига фарзанди танаффус вақтида келиб, синфдоши, 3-синф ўқувчиси уни урганини айтган. Сўнг аёл фарзанди билан жанжаллашган ўқувчининг синфига бориб унга қўл кўтарган.

Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назоратга олинган. Судга оид экспертиза хулосасига кўра, болага енгил тан жароҳати етказилгани аниқланди. Айни пайтда ҳолат суд тартибида кўриб чиқилмоқда.

Мазкур ҳолатюзасидан мактаб кадрлар менежери вазифасида ишловчи Қ.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, ходимнинг ички одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилишини назоратга олмаганлиги учун Қўшработ туманидаги 71-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К.А.га нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкентдаги 300-мактабда бир неча 4-синф ўқувчиси синфдош қизни ҳақорат қилиб, улардан бири кўкрагига қаттиқ тепгани хабар қилинганди. Қизнинг онаси безорилар ҳамон мактабда ўқиётганидан шикоят қилди. ММТБ икки боланинг ота-онасига жарима белгилангани, директор ва ўқитувчилар эса жавобгарликка тортилганини билдирди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги мактабда 9-синф ўқувчиси келишмовчилик оқибатида велосипед учаётган 3-синф болани тепди. Жабрланувчининг тишлари тушди, шунингдек, бошқа аъзолари жароҳатланди, хусусан, лаби йиртилди. Ҳужумчининг онаси маъмурий жавобгарликка тортилди.