Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, маблағлар Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастурининг иккинчи босқичи (EMIP II) доирасида ажратилиб, ҳукуматнинг давлат сектори самарадорлигини ошириш, иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш ва мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини жадаллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Дастур Ўзбекистоннинг институционал базасини мустаҳкамлаш ва глобал интеграциясини чуқурлаштириш йўлидаги ислоҳотлар мажмуини назарда тутади. Жумладан:
- давлат-хусусий шерикликка давлат инвестицияларини тартибга солувчи ягона қоидаларни қабул қилиш;
- рақобат ва инвестицияларни бошқаришни такомиллаштириш учун зарур қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш;
- давлат корхоналари бошқарувини модернизация қилиш (бунда директорлар кенгашининг такомиллаштирилган тузилмалари, гендер вакиллигининг мақсадли кўрсаткичлари ва молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини мажбурий қўллашга эътибор қаратилади);
- солиқ базасини кенгайтириш, халқаро солиқ ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
- манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунни қабул қилиш ва аудит тизимларини такомиллаштириш орқали коррупцияга қарши курашиш;
- ЖСТга аъзо бўлиш жараёнларида миллий қонунчиликни жаҳон савдо ва инвестиция меъёрларига мослаштириш.
«Ислоҳотларнинг ижтимоий жиҳатларини эътиборга олган ҳолда, дастур ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ва иқтисодий қайта қуришнинг аҳолининг заиф қатламларига таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Ушбу чора-тадбирлар ислоҳотнинг афзалликлари барча қатламларни қамраб олишини таъминлашга ва узоқ муддатли ижтимоий бирдамликка ҳисса қўшишга қаратилган», — дея қайд этади банк.
«Ушбу дастур Ўзбекистоннинг институционал ислоҳотлар, инклюзив ўсиш ва глобал интеграцияга бўлган қатъий содиқлигини намоён этади, — дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги директори Канокпан Лао-Арая. — ОТБ ҳукуматнинг иқтисодиётни модернизация қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини стратегик ҳамкор сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга ва янада чуқурроқ глобал ҳамкорликка интилаётган бир пайтда, ОТБ мамлакатнинг бутун салоҳиятини очиб берадиган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этади».
2025 йилда Ўзбекистон ва ОТБ ҳамкорлигига 30 йил тўлади. 1995 йилда банкка қўшилганидан бери Ўзбекистон банкдан қарзлар, грантлар ва техник ёрдам кўринишида 14,6 миллиард доллар олган.
Gazeta аввалроқ ОТБ Транскаспий халқаро транспорт йўлагининг (Ўрта йўлак) муҳим қисмини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга 233,1 млн доллар қарз ажратиши ҳақида ёзган эди.
Ўрта йўлакнинг барқарорлигини ошириш ва модернизация қилиш лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасидаги Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу (А380) автомобиль йўлининг тахминан 87 км қисмини реконструкция қилишни назарда тутади. Лойиҳа доирасида 75 км узунликдаги янги айланма йўл («Тўрткўл — Элликқалъа — Беруний») қурилиши ҳамда мавжуд А380 автомобиль йўлининг 12 км қисмини қайта қуриш режалаштирилган.
