Ҳар бир инсон учун, жисмоний ёки ақлий хусусиятларидан қатъи назар, яшаш, ўқиш ва ишлаш қулай бўлган муҳитни қандай яратиш мумкин? Республика болалар кутубхонасида илк бор ўтказилган «Hamnafas» халқаро инклюзия ва қулайлик фестивали иштирокчилари томонидан айнан шу масала кўтарилди.
Фото: Даврон Мадиев / Республика болалар кутубхонаси.
Таклиф этилган хорижий мутахассислардан бири — инклюзив дизайн бўйича канадалик эксперт, Онтарио провинцияси давлат хизмати (Ontario Public Service), Онтарио ҳукумат ва истеъмолчилар хизматлари вазирлиги ҳамда Walmart тармоғининг халқаро бўлинмасига консултатив хизмат кўрсатувчи Моисен Маҳжубния бўлди. У Gazeta’га берган интервьюсида инклюзив дизайн фикрлаш тарзи сифатида нимани англатиши ва нима учун у чекланган одамлар гуруҳига эмас, балки бутун жамиятга фойда келтиришини тушунтириб берди.
Заифликни тан олиш — инклюзияга йўл
Мен Эронда катта бўлганман ва атрофимдагилар мен нима ҳақида гапираётганим ва дунёга қандай нигоҳ билан қарашимни тушунмайди, деб ўйлардим. Куни келиб улғайганимда, ўзимга яқин одамларни топишга доим умид қилардим. Менга омад кулиб боқди. Канадага кўчиб ўтганимдан сўнг дўстлар орттирдим, Торонтодаги OCAD университетида эса ўз жамоамни топдим. Инклюзив дизайн бўйича биринчи маърузамдаёқ шуни англадимки, бу одамларга нима учун сўзлар чалкашликларга тўла бўлиши мумкинлигини тушунтиришга ҳожат йўқ — улар буни шундоқ ҳам билишади.
Менинг шаклланишимда устозим ва дўстим, профессор Ютта Тревиранус алоҳида роль ўйнади. У ҳеч қачон тайёр ҳолдаги жавобларни бермасди, балки ўз ечимингизни топишга ёрдам берадиган саволлар берарди. Мен билан Канадада яшаган онам ва бувим ҳам менга катта таъсир кўрсатган.
Моисен Маҳжубния. Фото: Даврон Мадиев / Республика болалар кутубхонаси.
Айнан аёллар менга заифлик ва куч бир-бирига қарама-қарши эмас, балки ўзингизга бўлган ишончнинг икки томони эканлигини кўрсатиб берган. Улар менга хатоларимни тан олишни ва улар ҳақида гапиришдан қўрқмасликни ўргатди. Ахир, бу тажрибамни ўртоқлашганимда, мени шунга ўхшаш вазиятларни бошдан кечираётган, лекин қораланиш ёки рад этилишдан қўрққани учун бу ҳақда ҳеч қачон гапирмайдиган одамлар эшитиши мумкин.
Афсуски, кўпгина мамлакатларда токсик маскулинлик сақланиб қолмоқда. Эркаклар кўпинча заиф бўлиш, ҳис-туйғуларини ифода этиш ва ёрдам сўрашдан ўзларини тийишга уринади. Бироқ айнан заиф томонларимизни тан олиш бизни кучлироқ қилади ва ҳақиқий инклюзияга йўл очади.
Инклюзив дизайн фикрлаш тарзи сифатида
Ушбу атама пайдо бўлиши билан 1970−1980 йилларда инклюзив дизайннинг иккита асосий ёндашуви шаклланди. Биринчиси — қонунлар ва стандартларга асосланган Британия ёндашуви. Унга аёллар ҳуқуқлари ҳаракати замин яратди ва кейинчалик ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари ҳаракати билан бирлашди. Қайсидир нуқтада жамият шундай хулосага келди: «Бизга аниқ қоидалар ва меъёрлар керак. Биз компаниялар, давлат тузилмалари ва жамиятни қулай муҳит яратишга мажбур қилишимиз ва бунинг учун жавобгарликни ўз зиммамизга олишимиз лозим».
Агар қонунлар мавжуд бўлса, билмаслигимиз чегараси қаердан ўтишини яхшироқ тушуниш учун уларни ўрганишимиз керак. Бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ — бехабарлик фақат савол бериш ва жавоб излаш вақти келганини билдиради.
Иллюстратив сурат. Манба: Robert Ruggiero / Unsplash.
Бошқа бир ёндашув инклюзияни стандартлар тўплами ёки «оммабоп қиламиз», «қонун доирасида қиламиз» каби якуний мақсад сифатида кўриб чиқмайди. Қонунга риоя қилиш муҳим, лекин бу йўлнинг бошланиши, холос. «Инклюзив дизайн фикрлаш тарзи сифатида» ёндашуви шуни назарда тутадики, оммабоплик тамойиллари ҳар қандай жараённинг асосига бошиданоқ сингдирилади. Биз муайян бир шахс учун ечим яратамиз ва натижада у ҳаммага фойда келтиради. Масалан, автоматик эшиклар дастлаб ногиронлиги бўлган кишилар учун мўлжалланган, лекин бугун улардан ҳамма фойдаланади.
Универсал ёндашув, аксинча, кўпинча озчиликни эътибордан четда қолдиради. Масалан, 2018 йилгача автомобилларнинг хавфсизлик тестлари фақат ўртача эркак гавдасини тақлид қилувчи манекенлардан фойдаланган ҳолда ўтказилган, бунда эса аёллар ва болалар хавфсизлигини ҳисобга олинмаган.
Инклюзив дизайннинг асосий ғояси — муқобилларни яратишдан иборат, чунки ҳар бир инсон дунёни ўзича идрок этади. Масалан, битта шоколад таъми мен ва сиз учун бошқача бўлиши мумкин. Қўшилиш ёки четлатилиш ҳар доим контекстга боғлиқ: Ўзбекистонда дўстларим борлиги туфайли ўзимни азиз меҳмондек ҳис қилишим мумкин, агар тилни билмасам, бегонадек ҳис қилишим мумкин. Ўша-ўша одам, лекин турли шароит ва ҳиссиётлар.
Фикрлаш тарзини ўзгартириш учун ишни оддий қадамдан — ўз хурофотларингизни тан олишдан бошлаш керак. Ҳар биримиз ишонадиган стереотиплар бор. Фикрлаш тарзини ўзгартириш — ўрганишни қайта ўрганиш демак. Агар биз жамият, таълим тизими ёки давлат ўзгаришини истасак, буни ўзимиздан — ўзимиз ва яқинларимизни ҳимоя қилиш, хатоларни тан олиш ва одатий қарашларни қайта кўриб чиқиш қобилиятидан бошлашимиз керак.
Оммабоплик — бу барча учун қулайлик масаласи
Йирик корпорацияларда мен оммабопликка қарши чиққан дастурчиларни учратганман. Уларнинг баҳонаси бир хил эди: «Бу жуда қимматга тушади ва кўп вақт олади».
Ногиронлиги бор инсонларга эътибор қаратиш улар учун қандайдир «қўшимча» нарса яратилаётганини англатмайди. Жамиятда кўпинча ногиронлиги бор шахслар кўп қўллаб-қувватланади ва молиялаштирилади, деган тасаввур бор, аслида эса бу фақат зарурий минимум. Масалан, кўзи ожиз инсонга ҳасса ёки қулай йўлакча бўлмаса, миллионлаб пули бўлса ҳам уйдан чиқиши қийин бўлади.
Иллюстратив сурат. Манба: Mica Mota / Unsplash.
Фикрлаш тарзини ўзгартириш саволлардан бошланади. Дастлаб қарши чиққан ўша дастурчилар вақт ўтиши билан тушуниб етади: оммабоплик маҳсулотларни — рақамли бўладими ё жисмоний, аҳамиятсиз — ҳамма учун қулайроқ қилади. Шу жумладан, ўзлари учун ҳам — ахир эртага ҳар биримиз чекловларга дуч келишимиз мумкин.
Агар омадимиз келиб, кексайгунча яшасак, ҳаммамиз имконияти чекланган кишиларга айланамиз. Вақт ўтиши билан кўриш, эшитиш, ҳаракатчанлик қобилиятимиз пасаяди, хотирамизни сусаяди. Шу билан бирга, ногиронлик кўпинча жамиятдан четлатилиш сифатида қабул қилинади, аслида бу инсон ҳаётининг табиий қисмидир. Ногиронлиги бор инсонлар — дунёдаги энг кўп сонли озчилик гуруҳ. Шунинг учун инклюзия ҳақидаги суҳбат расмий жавобларни эмас, балки чуқур қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Оддий ечимлар йўқ. Лекин тан олишдан бошлаш мумкин: оммабоплик — истисно эмас, балки меъёрдир.
Канада ва АҚШда қонунга кўра, ногиронлиги бор шахсга ишлаш учун шароитлар яратилиши керак, лекин амалда ҳамма ҳам бунга риоя қилавермайди. Бошқа томондан, Walmart’да инклюзия ғоясидан илҳомланган ходимлар уни фойда учун эмас, балки инсоний ғамхўрлик туфайли амалга оширади. Шу билан бирга, ногиронлиги бор инсонлар учун яратилган ечимлар барча учун қулайлик яратади. Масалан, телефон ихтиро қилинганда, карлар жамоасига ҳам мулоқот қилиш усули керак эди ва бу биз ҳар куни фойдаланадиган матнли хабарларни яратишга олиб келди. Овозли ёзув ва аудиокитоблар каби технологиялар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин — улар дастлаб оммабопликни таъминлаш мақсадида яратилган бўлиб, ҳозирда ҳамма учун кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланган.
Фото: Даврон Мадиев / Республика болалар кутубхонаси.
Албатта, бизнеснинг прагматик томони ҳам бор. Баъзида иштиёқни кейинга қолдиришга тўғри келади, чунки корпорациялар ва инвесторлар учун рақамлар муҳим. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, ногиронлиги бор инсонлар катта харид қобилиятига эга ва оммабоп брендлар атрофида «оғиздан-оғизга» тарқалишни шакллантиради. Агар маҳсулот оммабоп бўлса, ўша маҳсулот рақобатчиларда арзонроқ бўлса ҳам, мижозлар оммабоп маҳсулотни тайёрлаган компания билан қолади.
Инклюзия онгли бўлиши керак
[Республика болалар кутубхонасида] бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирокчилардан бири яқинда кўзи ожиз бўлиб қолган ва ёрдам сўрашни истамаётган отаси ҳақида гапириб берди. Мен уни тушунаман, чунки ўзим ҳам шундай эдим. Кўпчилик эркаклар «ўзини тутиб туришга» ўрганган, чунки бизга болалигимиздан: «Бошқаларга қара — уларнинг аҳволи оғирроқ. Борига шукр қил», дейишган. Бу — ўз имтиёзларингни қадрлаш — тўғри, лекин ногиронлик инсонни белгилаб бермаслиги керак. Мен ногиронликнинг оғир шаклларига эга бўлган, лекин дарс берадиган, тадқиқотлар олиб борадиган, янги нарсалар яратадиган одамларни биламан. Муҳими, бизда ногиронлик бор-йўқлиги эмас, балки жамиятда ўзимизни қабул қилингандек ҳис қилишимиздир.
Жамиятдан четлатилиш фақат ногиронлик туфайли бўлмайди. Қочоқлар ва муҳожирлар бунга мисол бўла олади. Бошқа мамлакатга кўчиб ўтганимизда ўзимизни хуш кўрилгандек ҳис қилишни истаймиз, лекин тил ва маданиятни билмасдан туриб, мослашиш синовга айланади. Ҳаммаси воқеликни ҳис қилиш, қабул қилиниш туйғуси ва ўзингиз бўлиш имкониятига боғлиқ.
Яқинда бўлиб ўтган семинардан яна бир мисол келтираман. Тақдимот пайтида бир иштирокчи аёл биринчи сўз олишни истади, лекин бошқа бир эркак гапира бошлади, чунки унинг қўлида микрофон бор эди. Ҳамкасбим аралашиб, «Йўқ, ҳозир унинг навбати», деб аниқ айтди. Эркак хотиржамлик билан ён берди. Бу воқеа шуни кўрсатадики, кўпинча биз ўзимиз билмаган ҳолда бошқаларни четга чиқариб қўямиз.
Фото: Даврон Мадиев / Республика болалар кутубхонаси.
Рақамли муҳитда ҳам худди шундай: дастурчилар кўзи ожиз фойдаланувчиларни [ўз маҳсулотидан] фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилмоқчи эмас — улар шунчаки қулай илова яратишни хоҳлайди. Бироқ ўз ишида ниманидир ёки кимнидир ҳисобга олмаётган экан, истисно ўз-ўзидан, беихтиёр содир бўлади. Мана, нима учун биз инклюзивлик ҳар доим онгли бўлиши керак деймиз. Ўзимизга шундай савол берайлик: «Кимни эътибордан четда қолдирдим? Бу кимга таъсир қилади?».
Менинг докторлик тадқиқотим саноат, ҳукумат ва корпорацияларга консултатив хизмат кўрсатиш билан боғлиқ, лекин мен жамият учун ишлашдан — ўзим олган нарсани беришдан завқ оламан, деб ўйлайман. Мен нафақат инклюзия ҳақида гапиришга ва ўргатишга, балки шу тамойил асосида яшашга ҳам ҳаракат қиламан.
Инклюзия — бу нафақат дизайн ёки инфратузилма, балки одамлар ўртасидаги муносабатлар масаласи. Менинг дўстларим кимлар? Улар орасида ногиронлиги бор инсонлар борми? Йўқ бўлса — нега? Эҳтимол, бунинг сабаби биз буни ҳар доим ҳам англамаслигимиздир. Дўстларимиз ёки қариндошларимиз орасида ногиронлиги бор инсон бўлса, уни умумий ишларга онгли равишда жалб қилиш муҳим — худди меҳмонларни қабул қилишдан олдин уларнинг вегетариан ёки ҳалол таомга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олганимиздек. Шуни ёдда тутишимиз керакки, ҳар биримизнинг ўз имконият ва чекловларимиз бор. Баъзан маданият, имтиёзлар ёки ижтимоий меъёрлар туфайли ўз чекловларимизни сезмай қоламиз, чунки жамият кўпинча ногиронликнинг фақат ташқи, кўзга кўринадиган шаклларинигина тан олади.
Очиқлик ва заифлик — инклюзив фикрлашнинг бошланғич нуқтасидир. Бу ўзига бўлган муҳаббат ва ўз тажрибасидан ташқарига чиқишга тайёрлик орқали дунёни кўриш усули. Агар мен ўзимни севсам, бу муҳаббатни бошқалар билан баҳам кўра оламан. Жамиятдан четлатилиш оғриғини ҳис қилганимизда, бошқаларнинг ҳам буни бошдан кечиришини истамаймиз. Менинг мақсадим ҳам шу — очиқ бўлиш, бошқалардан ўрганиш ва ўрганганларимни бошқалар билан баҳам кўриш.
Тафаккур ва сунъий интеллект қандай боғлиқ?
Афсус, биз шундай дунёда яшаймизки, унда одамлар инклюзияга қонун талаб қилгани учунгина риоя қилади, унинг қадр-қимматини англагани учун эмас. Бу муаммо, айниқса, глобал таълим тизимида яққол кўзга ташланади. Бугунги кунда болага касб танлаш ва иш топиш учун фанлар тўпламини ўрганиш таклиф қилиняпти, бироқ бу мутахассисликларнинг кўпчилиги 10−15 йилдан кейин йўқ бўлиб кетади — уларнинг ўрнини сунъий интеллект эгаллайди. Шунинг учун биз болалардан «Ким бўлмоқчисан?» деб эмас, балки «Сени нима илҳомлантиради? Қандай муаммони ҳал қилмоқчисан?» деб сўрашимиз керак.
Мен технологияларга оптимистик қарайдиган одамман. Иккита мисол келтираман. Биринчиси — 3D-босма. Протезлар ёки маиший буюмлар чоп этиладиган принтерлар ҳақида биламиз. Лекин инсон аъзоларини ярата оладиган принтерлар аллақачон мавжуд. 2010 йилларнинг охирида ишлаб турган юрак чоп этилди. Нима учун бу оммавий қўлланилмади? Айтиш қийин, лекин эҳтимол бунинг сабаби молиявий масалалар ва билим етишмаслигидадир.
Фото: Даврон Мадиев / Республика болалар кутубхонаси.
Иккинчи мисол — сунъий интеллект. Бу бизда шу кунгача мавжуд бўлган технологиялар орасида энг кучлиси. У аллақачон янги авлодлар ўртасида тафовут яратмоқда: биз интернетни аста-секинлик билан ўзлаштирган бўлсак, болалар сунъий интеллект билан худди нутқ билан бўлгани каби табиий равишда улғаймоқда. Агар биз у билан ишлашни ўрганмасак, орқада қолиб кетишимиз ва янги авлод билан алоқани йўқотишимиз мумкин.
Албатта, сунъий интеллектнинг салбий томони ҳам бор: у корпорациялар томонидан монополлаштирилган ҳамда назорат ва манипуляция учун ишлатилади. Бу икки тиғли қилич каби восита — ҳаммаси уни қандай ишлатишга боғлиқ. Ва бу бизни фикрлаш масаласига қайтаради. Уни қандай ривожлантириш керак? Сунъий интеллект бунга яхши мисол. Биз кўп нарсани билмаймиз ва буни тан олишимиз керак. Кимдир — эҳтимол, кичкина қишлоқдан келган йигит — тизимни «бузиб киришига» ишонгим келади: сунъий интеллект ёрдамида саратон касаллигига қарши дори ёки бутун дунёни боқиш йўлини топади, ўйин қоидаларини ўзгартирадиган янги интернет яратади.
Болалигимда мени яхши маънода «хакер» бўлишга илҳомлантирган одамларни учратганим — менинг омадим. Кўпчилик учун бу сўз маълумотларни ўғирлаш билан боғлиқ, бироқ «ахлоқий хакерлик» тушунчаси ҳам мавжуд — бу инсонга йўналтирилган тарзда фикрлайдиган, жамоаларга бирлашадиган, бир-бирига ёрдам берадиган ва технологиялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирувчи айланма ечимларни топадиган одамларни билдиради.
Иллюстратив сурат. Jonathan Richard (Sigmund) / Unsplash.
Бунга ёрқин мисол — кўриш қобилияти чекланган одамларга мўлжалланган асбоблар. Кўзи ожизларнинг ҳаммаси ҳам экран дикторларидан фойдаланмайди ва ногиронликка эга бўлганларнинг ҳаммаси ҳам улар билан дарҳол ишлаб кета олмайди. Экран дикторлари энг кенг тарқалган ёрдамчи технологиялардан бири бўлиб, улардан ҳатто кўзи ожиз бўлмаганлар ҳам фойдаланади, масалан, телефонда овозли киритиш орқали. Бироқ одамга ноқулай бўлса ёки ундан фойдаланишни билмаса, у «четда қолиш» хавфига дуч келади. Айнан шу ерда «ахлоқий хакерлик»нинг кучи намоён бўлади — одамлар ечимларни ўзи яратади, технологияларни мослаштиради ва дунё билан ўзаро алоқанинг янги усулларини топади.
