2019 йилдан 2021 йилгача Суриянинг авторитар ҳукумати ўн минглаб жасадни очиқ Қутайфа оммавий қабридан Дамашқ шарқидаги чўлдаги яширин жойга кўчириш бўйича махфий операцияни ўтказган, деб ёзди Reuters ўз суриштирувлари натижасига таяниб.
Қайд этилишича, Reuters жасадларни кўчириш бўйича икки йиллик саъй-ҳаракатлар ҳақида бевосита маълумотга эга бўлган 13 киши билан суҳбатлашган, иштирок этган амалдорлар томонидан тайёрланган ҳужжатларни кўриб чиққан ва бир неча йил давомида олинган иккала қабристоннинг юзлаб сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилган.
Жасадларни Қутайфадан ўнлаб километр узоқликдаги бошқа яширин жойга кўчириш операцияси «Ерни кўчириш операцияси» деб номланган ва у 2019 йилдан 2021 йилгача давом этган. Операциянинг мақсади собиқ президент Башар Асад ҳукуматининг жиноятларини яшириш ва унинг обрўсини тиклашга ёрдам бериш эди, дейди гувоҳлар.
Reuters Қутайфада узунлиги тахминан 15 метрдан 160 метргача бўлган, дафн учун мўлжалланган 16 та чуқурликни топган. Янги манзил — Думаирда узунлиги тахминан 20 метрдан 125 метргача бўлган камида 34 та чуқурлик мавжуд.
Узунлиги 2 километр бўлган, камида 34 та чуқурликка эга Думаир чўлидаги қабристон Суриядаги фуқаролар уруши пайтида яратилган энг кенг қабрлардан биридир, деб топди Reuters. Гувоҳларнинг сўзлари ва янги жойнинг ўлчамлари у ерда ўн минглаб одамлар дафн этилиши мумкинлигини кўрсатади, дейди нашр.
Таъкидланишича, Асад ҳукумати Қутайфадаги ўликларни кўмишни тахминан 2012 йилда, фуқаролар урушининг бошида бошлаган. Оммавий қабр, шунингдек, қамоқхоналар ва ҳарбий госпиталларда ҳалок бўлган аскарлар ва маҳбусларнинг жасадларини ҳам ўз ичига олган, дейди гувоҳлар.
Думаир шаҳри яқинидаги оммавий қабрлар устидаги тупроқда бульдозер излари; дрон тасвири, 2025 йил 27 февраль / Reuters.
2019 йил февралидан 2021 йил апрелигача деярли ҳар ҳафта тупроқ ва одам қолдиқлари билан тўлдирилган 6−8 та юк машинаси Қутайфадан Думаир чўли ҳудудига йўл олган, дейди операцияда иштирок этган гувоҳлар.
Минглаб жасадларни кўчириш ғояси 2018 йил охирида, Асад Суриядаги фуқаролар урушида ғалаба қозониш арафасида турганида пайдо бўлган, деди Республика гвардиясининг собиқ ходими. Асад кўп йиллик санкциялар ва шафқатсизлик айбловларидан кейин халқаро эътирофга сазовор бўлишга умид қилган, дейди офицер. Ўшанда Асад минглаб сурияликларни ҳибсга олишда айбланганди. Аммо Сурия мустақил гуруҳлари ёки халқаро ташкилотларнинг қамоқхоналар ёки оммавий қабрларга кириш имкони бўлмаган.
Қайд этилишича, Сурия фавқулодда вазиятлар ва табиий офатларни бошқариш вазири Рад ал-Солиҳ қурбонлар сонининг кўплиги ва адлия тизимини қайта тиклаш зарурати ишга тўсқинлик қилаётганини билдирган. Суриянинг бедарак йўқолганлар бўйича янги миллий комиссияси бедарак йўқолганларнинг оилалари учун ДНК банки ва марказлаштирилган рақамли платформани яратиш режаларини эълон қилди, шунингдек, суд экспертизаси ва ДНК тести бўйича мутахассисларни тайёрлашга шошилинч эҳтиёж борлигини айтди.
- Асад Сурияни 20 йилдан ортиқ бошқарган. 2024 йил декабрь ойида унинг режими ағдарилиб, собиқ президентнинг ўзи Россияга қочиб кетган. Кремль унинг «гуманитар мақсадларда» сиёсий бошпана олганини расман тасдиқлаган.
- 2025 йил апрелда Сурия раҳбари Аҳмад ал-Шараа Россияга собиқ президент Башар Асадни топширишни сўраб мурожаат қилгани, аммо Москва рад этганини билдирган.
