12 октябрь куни Европа Иттифоқида блокдан ташқаридаги мамлакатнинг қисқа муддатли ташрифлар билан (ҳар қайси 180 кунлик муддат ичида 90 кунгача) келган фуқаролари учун кириш/чиқишда янги электрон рўйхатга олиш тизими — Entry/Exit System (EES) — кучга кирди, деб хабар бермоқда Reuters.

EES — учинчи мамлакатлардан келган саёҳатчилардан чегарадан ўтиш жойларида рўйхатдан ўтиш, жумладан, паспортни сканерлаш, бармоқ изларини олиш ва суратга тушишни талаб қиладиган автоматлаштирилган тизим. У Шенген зонаси мамлакатларида, шунингдек, Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Швейцарияда мавжуд бўлади.

Агентлик қайд этишича, тизим ЕИда муддатидан ортиқ қолиб кетганларни аниқлашга, шахсий маълумотлар фирибгарлигига қарши курашишга ва ноқонуний миграциянинг олдини олишга ёрдам беради.

ЕИга аъзо бўлмаган давлатларнинг фуқаролари Шенген ҳудудига биринчи киришда рўйхатдан ўтиши керак. Чиқишдан кейин саёҳатчиларнинг маълумотлари EES маълумотлар базасида қолиш муддати ва чиқиш регистрациясига оид амалдаги қоидаларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун текширилади. Кейинги ташрифлар фақат биометрик юз верификациясини талаб қилади.

Тизим босқичма-босқич жорий этилади, тўлиқ жорий этиш 2026 йил 10 апрелга мўлжалланган. EES хорижга чиқиш паспортларидаги штампларга бўлган эҳтиёжни бутунлай йўқ қилади — уларни маълумотлар базасидаги электрон ёзувлар билан алмаштиради.

12 ёшгача бўлган болалар ҳам EES’да рўйхатдан ўтиши керак, аммо бунда улар фақат фотосуратга олинади. EES’да рўйхатдан ўтиш бепул.

Тизим Шенген зонасидаги аэропортлар, денгиз портлари, темирйўл вокзаллари ва автомобилда чегарадан ўтиш жойларида ишлайди.