Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) учун хавфларни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Тизимни Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан ҳамкорликда жорий этиш президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги (ПФ-153) фармони билан кўзда тутилган.
Тизим реал вақт режимида ЭҲФ расмийлаштиришда қонун бузилиши эҳтимолини баҳолаш имконини беради. Бу солиқ маъмуриятчилигининг рақамли трансформациясида муҳим қадам бўлади ва яширин иқтисодиётга қарши курашга ҳисса қўшади, дея қайд этади агентлик.
Ҳар бир электрон ҳисоб-фактура яратиш жараёнидаёқ автоматик таҳлил қилинади ва хавф даражаси белгиланади. Агар юқори хавф белгилари аниқланса, ЭҲФнинг мақоми харидорга кўрсатилади, бу потенциал солиқ оқибатларини олдиндан баҳолаш ва ҳамкор танлашда эҳтиёткор бўлиш имконини беради.
Ҳозирда тизим тест режимида ишламоқда ва тўловчилар йўл қўйган жиддий хатоларни жарималарсиз автоматик тарзда аниқлайди. 2026 йилдан бошлаб юқори хавфли ЭҲФ бўйича иккита асосий шарт қўлланади:
- уларнинг улуши ҳисобот давридаги барча ЭҲФларнинг 10 фоизидан ошмаслиги керак;
- улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш фақат сотувчи ёки харидор томонидан бюджетга солиқ тўлиқ тўланганидан кейин мумкин.
Июль ойидан бошлаб Солиқ қўмитаси сайтида ЭҲФ расмийлаштиришда қўпол қонунбузарликларга йўл қўйилган ҳолатлар эълон қилинмоқда. Хусусан:
- чорвачилик хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтган «Альфа» МЧЖ (номи ўзгартирилган) ЭҲФга 96 млрд сўмлик ҚҚС билан 896 млрд сўмлик қора металларни сотишга қўйган;
- нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Омега» МЧЖ ликвидацияга уриниш ортидан тўсатдан металл буюмлар учун 326 млрд сўмлик ЭҲФ расмийлаштирган;
- 10 млн сўм устав капиталли, ҳеч қандай фаолиятсиз «Graf» МЧЖ тўрт кун ичида 38,5 млрд сўмлик (ҚҚС учун 4,1 млрд сўмлик) ЭҲФни оширилган нархларда (масалан, 1 килограмм бодринг 10 миллион сўмга) тақдим этган.
Июль-сентябрь ойларидаги таҳлиллар асосида 27 та солиқ тўловчи ўз иқтисодий ҳолатига мос келмайдиган операцияларни амалга оширгани, 281 та корхона 5,9 трлн сўмлик ЭҲФ расмийлаштиргани, шундан 706 млрд сўм ҚҚС ҳисоблангани аниқланган.
Солиқ қўмитаси яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, виждонли солиқ тўловчиларни ҳимоя қилиш, солиқ тизимида шаффофлик ва адолатни таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб бораётганига алоҳида эътибор қаратмоқда. Корхоналарга битимлар тузишда солиқ таваккалчилигини ва ҳамкорларни синчковлик билан баҳолаш тавсия этилмоқда.
Gazeta Тизим ҚҚСни суиистеъмол қилишнинг одатий схемаларини, шу жумладан, солиқни сунъий равишда қоплаш учун бир кунлик компаниялар ва қалбаки ҳужжатлардан фойдаланишни аниқлаш мақсадида «бир қатор мезонлар»га (лекин айнан қандай мезонлар экани айтилмаган) асосланишини ёзганди
Қўмита аввалроқ норасмий иқтисодий фаолият юритиб, шубҳали операцияларни амалга оширган 7522 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатини эълон қилганди. Ташкилот тадбиркорларни бундай контрагентлар билан бизнес юритиш хавфи ҳақида огоҳлантирган.