С️амарқанд вилояти Нарпай туманида кумушнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
ДХХ ҳудудий бошқармаси ходимлари тезкор тадбирида Навоий вилоятида яшовчи 1980, 1983 ва 1987 йилларда туғилган 3 нафар шахс қўлга олинган. Маълум бўлишича, улар «шартли харидор»га 18 кг кумуш қимматбаҳо металл қотишмасини ҳар бир грамини 11 700 сўмдан ҳисоблаб, жами 21 минг долларга сотмоқчи бўлган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг тегишли хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган мазкур металлнинг соф оғирлиги 16 кг 744 гр бўлиб, асиллик даражаси «999»ни ташкил этади (энг юқори проба).
Шунингдек, тегишли баҳолаш хулосасига кўра, ушбу кумуш металлнинг нархи 502 млн 344 минг сўмни ташкил этади.
️Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу қимматбаҳо металлнинг келиб чиқиш манбасини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
