15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Uzbekistan Airports, Урганч халқаро аэропорти ва Incheon International Airport Corporation (Жанубий Корея) Урганч аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатларни имзолаш маросимида Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев, Incheon International Airport Corporation президенти Ли Хак-Чже ва Урганч аэропорти директори Ойбек Маткаримов иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов олиб борди.
Шартнома аэропортни модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини биргаликда амалга оширишни назарда тутади. Хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқариш, шу жумладан, ерга хизмат коʻрсатиш учун жавобгар бўлади. Давлат шериги аэродром мажмуасини (учиш ва қўниш йўлаги ҳамда перрон) қуриш ва бошқариш учун жавобгар бўлади.
Фото: Uzbekistan Airports.
«Incheon International Airport Corporation билан ҳамкорлик Ўзбекистон аэропортлари инфратузилмаси ривожида янги саҳифа очмоқда. Жанубий кореялик ҳамкасбларимизнинг дунёнинг энг яхши аэропортларидан бирини бошқариш бўйича тажрибаси илғор технологияларни жорий этиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш учун замин яратади», — деди Жавлонбек Умарк.
2024 йилнинг 1 августида «Қуриш, бошқариш ва топшириш» (BOT) моделидан фойдаланган ҳолда лойиҳа бўйича тендер эълон қилинганди. Жорий йилнинг апрель ойида ғолиб эълон қилинганди: Incheon International Airport Corporation — Инчхон аэропортини (Сеул) бошқарадиган компания. Тендерда Франция, Туркия, Қатар ва бошқа мамлакатлардан 8 та компания иштирок этган.
Май ойида реконструкция лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилганида унинг қиймати 223 миллион доллар бўлиши хабар қилинганди. Корея компанияси 115 миллион доллар сармоя киритмоқчи. У 2047 йилгача аэропортни бошқаради.
Режаларда янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминалларини қуриш, ИКАО стандартларига мувофиқ замонавий ёритиш сигнализация тизимларини ўрнатиш, ихтисослаштирилган ускуналар харид қилиш кўзда тутилган. Қурилиш ва реконструкция ишларини 2027 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Янги терминалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрни ташкил этади, қуввати эса соатига 1300 йўловчига етказилади.
Урганч аэропорти. Фото: Uzbekistan Airports.
Инчхон халқаро аэропорти — Жанубий Кореянинг асосий ҳаво бандаргоҳи ва Шимолий-Шарқий Осиёдаги энг йирик транспорт марказларидан бири, у бир неча марта дунёдаги энг ривожланган ва гавжум аэропортлар ўнталигига кирган. 2024 йил ҳолатига кўра Инчхон аэропорти 80 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, Incheon International Airport Corporation Тошкент вилоятидаги Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилишида ҳам хусусий ҳамкор (Саудия Арабистонининг Vision Invest ва Япониянинг Sojitz компаниялари билан бирга) ҳисобланади. Шу куннинг ўзида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида қурилиш ишлари бошланди
