24 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман (Жиззах вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонидан қатнашган 40 ёшли фуқарога ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.
Судланувчи Б.М. 2023 йилда Россияга кетиб, у ерда турли мавсумий ишларда ишлаган. Сўнг, Самара вилояти Тольятти туманида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, 2023 йил июлдан 2024 йил июлгачага оддий аскар унвонида Украинанинг вақтинча босиб олинган Луганск ва Донецк вилоятлари ҳудудида Россия Қуролли кучлари сафида қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Шундан сўнг, Б.М. шахсига оид маълумотларни ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганини яшириш мақсадида Жиззах вилояти Бахмал тумани ИИБ томонидан берилган чет элга чиқиш биометрик паспортининг ички варақларини йиртиб ташлаган. Қонунда кўрсатилган талабларга зид равишда, ички ишлар органлари ҳамда Ўзбекистон элчихонасига Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш бўйича мурожаат қилмасдан, Россия фуқаролигини олган.
«2018 йилдан 2021 йилгача Москвада қурилиш ишларида ишлаб, кейин Ўзбекистонга қайтиб келганман. 2023 йил 30 май куни ишлаб пул топиш мақсадида яна Москвага бориб, қурилиш ишларига жойлашдим. Лекин қурилиш ишлари камайиб кетганди, ойлик маошларимни ҳам ололмадим ва пулга муҳтож бўлиб қолдим. Шу сабабли Москвада ҳарбий хизмат ҳақидаги эълонлар асосида 2023 йил 5 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги пунктига мурожаат қилдим. 10 июль куни Тольятти шаҳридаги ҳарбий қисмда ҳайдовчи вазифасида ҳарбий хизматни бошладим. 3 ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтдим», — деди судланувчи.
15 октябрь куни уларни Луганск вилояти Мирное қишлоғига жўнатишган. У ҳарбий қисмнинг моддий-техник бўлимида автомобилларга ёқилғи маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечакларни етказиш билан шуғулланган.
«Оддий аскар унвонида ва ҳайдовчи сифатида Луганск ва Донецк вилоятларида ҳарбий ишларда иштирок этдим, аммо Россия-Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатларда қатнашганим йўқ. 2024 йил 11 июлда эса шартнома муддати тугади», — деди Б.М.
2024 йил май ойида унга Самара вилояти ички ишлари органи томонидан биометрик паспорт берилган ва у Россия фуқаролигига кирганидан хабар топган. Июнь ойида эса у ушбу паспорт орқали Москва шаҳри ИИОдан чет элга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб олган.
Унга биринчи ярим йилликда ҳар ой 43 500 рубль, кейинги ярим йилликда эса 210 000 рублдан ойлик маош берилган. Ишлаб топган пулларига Калуга вилояти Думиничи туманида 2 хонали хонадон сотиб олган, сўнг 2024 йил июлидан 2025 йил февралигача Москвадаги қурилиш ишларида ишлаган.
«Қурилиш ишлари яхши бўлмагани сабабли 2025 йил февралида яна Россия Мудофаа вазирлиги билан қайта шартнома туздим ва Севастополь вилоятида Денгиз қўшинларини мудофаа қилишга ихтисослашган ҳарбий қисмга бордим. Командирлар менга ҳарбий қисмни Украинадан юборилган дронлардан ҳимоя қилиш бўйича йўриқнома берди, уларга мен Мудофаа вазирлиги билан ҳайдовчи лавозимига ишга кириш бўйича шартнома тузганимни маълум қилдим. Март ойида тишим оғриганини рўкач қилиб, Москвадаги ҳарбий госпиталга бордим ва у ерда даволандим. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтишни мақсад қилиб, Москва — Самарқанд йўналишида интернет орқали авиачипта сотиб олдим. Москвадаги Внуково аэропорти орқали Ўзбекистонга учдим ва 20 апрель Самарқандга етиб келдим. Шундан сўнг мени ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ушлаб, ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси Тергов бўлимига олиб келди», — дея ҳикоясини якунлади судланувчи.
У судда, ўзига эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳақида кўрсатма берди. Бу ишларни оилавий шароити оғирлиги ва пулга муҳтожлиги сабабли қилганини айтиб, енгиллик беришни сўради.
Б.М. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисми ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
