Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги «Ш.Б.Ф» корхонаси ўзига ажратилган ҳудуддан ташқаридаги майдондан ноқонуний равишда тупроқ қазиб олиб, табиатга 31,9 миллиард сўм зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар бермоқда.
Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда, шунингдек, корхона бугунги кунгача «Экологик оқибатлар баёноти» лойиҳасини ишлаб чиқмасдан ва давлат экологик экспертизаси ижобий хулосасини олмасдан фаолият юритаётганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, корхона ҳудуднинг камида 25 фоиз қисмини кўкаламзорлаштириш талабларини бажармаган, чиқиндилар белгиланган жойларга ташланмаган ва атроф-муҳит ифлослантириб келинган.


Корхонага 7,7 миллиард сўм миқдорида компенсация тўлови ҳисобланди. Аниқланган ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди.
Аввалроқ Чирчиқ дарёсининг Қуйи Чирчиқ туманидан ўтган ҳудудида ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олаётган шахслар аниқланган эди. Улар табиатга 3 млрд 357 млн 600 минг сўм зарар етказган.


