• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Оксфорд университетида эски ўзбек тили ўргатилади


Оксфорд университетининг «Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари» факультетида ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

«Университетдан президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида мукофот қабул қилганимдан хурсандман», — деди Саида Мирзиёева.

Президент администрацияси раҳбари, шунингдек, ўз делегацияси ноёб қадимий китоблар — Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний», Алишер Навоийнинг «Хамса», Ҳусайн Бойқаронинг «Девони Ҳусайний», Бобурийлар даврига оид миниатюралар ва бошқа кўплаб асарлар сақланадиган Бодлиан кутубхонаси билан ҳам танишганини маълум қилди.

Бодлиан кутубхонаси Оксфорд университетида жойлашган бўлиб, Европадаги энг қадимги кутубхоналардан бири ҳисобланади. Унда 13 миллиондан ортиқ китоб бор. Режиссёрлар Бодлиан кутубхонасидан Гарри Поттер фильмларини суратга олиш жойи сифатида фойдаланган.

Ўзбекистон 2023 йилда кутубхонанинг «олтин тўплами»даги қўлёзмаларни кўргазмалар учун мамлакатга ижарага бериш масаласини муҳокама қилганди. «Дунё» хабарига кўра, ўзбекистонлик мутахассислар учун қадимий қўлёзмаларни реставрация ва консервация қилиш бўйича хорижий техникаларни ўрганиш учун стажировка ташкил этиш режалаштирилган.

Оксфорд университетида январь ойидан бери ўзбек тилини ўқитиш бўйича бепул бошланғич курс мавжуд. Университет сайтида қайд этилишича, у Марказий Осиёдаги энг консерватив туркий тил бўлиб, «деярли минг йиллик кам фойдаланиладиган бирламчи манбалар»га кириш имконини беради.

Ушбу курс Oxford Birsoz Initiative томонидан таклиф этилган, унга Низомий Ганжавий номидаги Оксфорд маркази томонидан ҳомийлик қилинади ва Вольфсон коллежининг Марказий Осиё ва Турк тадқиқотлари кластери томонидан ташкил этилади.

Буюк Британияга ташрифи чоғида Саида Мирзиёева бош вазир ўринбосари ва адлия вазири Дэвид Лэмми билан ҳам учрашди.

Инсон капиталини ривожлантириш ва Ўзбекистон мактабларида Кембрижнинг айрим дастурларини жорий этиш, Оксфордда ўзбек тилини ўрганиш лойиҳаларини йўлга қўйиш, шунингдек, инглиз тилида сўзлашувчи ўқитувчиларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди, дейилади хабарда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *