Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги 17-мактаб директори ишга жойлаштириш эвазига аёлга жинсий алоқа таклиф қилгани учун вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда мактаб директори ва депутат лавозимида фаолият юритувчи шахс унга иш сўраб мурожаат қилган аёлга жинсий алоқа таклиф қилгани қайд этилган аудиоёзув тарқалган.

Мазкур ҳолат Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилган. Бошқарма бошлиғининг 16 октябрдаги буйруғи билан мактаб директори вазифасидан озод этилган.

«Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси педагог мақомига доғ туширувчи ҳар қандай салбий ҳолатни қоралайди ва кескин чоралар кўрилишини маълум қилади», — дейилади идора хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими менежерлик сертификати олиб бериш ва мактабга директор қилиб қўйиш учун аёлдан интим хизмат талаб қилгани аниқланган эди. Шундан кейин вазирлик ходим ишдан бўшатилганини маълум қилди.