Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида бола 300 минг доллар миқдорида товон олиш мақсадида ўғирлангани ҳақида маълумот тарқалди.
Gazeta Жиноят ишлари бўйича Юнусобод ва Уйчи туман судлари чиқарган ҳукмларда келтирилган иш тафсилотлари билан танишди.
Боланинг ўғирланиши
2023 йил 16 октябрь куни эрталаб А. Лутфуллаев исмли бола уйидан чиқиб, Уйчи туманидаги «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган 5-мактабга йўл олди. Мактаб дарвозаси ёнида уни бегона шахслар Nexia автомобилида кутиб турган. Ниқоб таққан шахслар болани ушлаб, қўлини қайириб, салонга ўтқазган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Ўқитувчилардан бири воқеага гувоҳ бўлиб, бу ҳақда мактаб қоровули ва директор ўринбосарига хабар берган. Улар эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини чақирган ҳамда боланинг отаси А. Абдуллаевни хабардор қилган.
Яқин атрофдаги дўкон камералари Nexia-3 автомобилини (50 O 952 ZA рақамли) қайд этган бўлиб, у болани катта йўл томон олиб кетаётгани аниқланган. Тез орада бу автомобиль топилган, аммо унинг ҳақиқий эгаси унинг юкхонасидан топилган.
Эртаси куни, 17 октябрда, жиноятчилар боланинг отаси билан боғланиб, 300 минг доллар миқдорида товон талаб қилган, акс ҳолда болани ўлдириш билан таҳдид қилган.
Жиноятнинг ташкиллаштирилиши
Иш материалларига кўра, Э. Қодиров А. Собиров, О. Шамшиддинов ва А. Йўлдошев билан биргаликда А. Лутфуллаевни товон талаб қилиш мақсадида ўғирлаш учун жиноий гуруҳ тузган.
16 октябрь куни соат тахминан 3:50 да Қодиров, Собиров ва Шамшиддинов Наманганнинг Давлатобод туманига Nexia-3 (50 O 952 ZA давлат рақамли) автомобилида етиб келган. Бу такси Yandex Go иловаси орқали буюртма қилинган бўлган.
Йўлда Собиров ҳайдовчи Ж. Мамадиевнинг бўйнидан арқон ёрдамида бўғган, Шамшиддинов унинг бошига махсус тайёрланган шапкани кийдирган, Қодиров эса ҳайдовчининг бўйнига пичоқ тираб, қаршилик кўрсатса ўлдириш билан таҳдид қилган. Кейин ҳайдовчининг қўл ва оёқларини боғлаб, оғзини латта билан беркитишган ва машинанинг орқа юкхонасига жойлаштиришиб, автомобилни босқинчилик йўли билан қўлга киритишган.
Соат 6:30 ларда улар «Мустақиллик» маҳалласига етиб келган ва боланинг мактабга чиқишини кутган. Кейинчалик ниқоб тақиб, А. Лутфуллаевга ҳужум қилган, уни уриб-дўппослаб, мажбурлаб машинага солиб, Янги Наманган туманидаги дала майдони томон олиб кетган. У ерда боланинг оёқ-қўлини арқон билан боғлаб, кўзини ва оғзини беркитишган, сўнгра уни бошқа автомобилга — Nexia-2 (50 H 188 JA) га ўтқазиб, Андижонга олиб кетишган.
Шундан кейин Қодиров ва Шамшиддинов Nexia-3 автомобилини ҳайдовчи билан бирга ташлаб кетган. Ҳайдовчи тишлари ёрдамида қўлларидаги арқонни ечиб, ИИБ ходимларига хабар берган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, у енгил тан жароҳати олгани тасдиқланган.
Боланинг ушлаб турилиши ва товон пули талаб қилиниши
Қодиров, Собиров ва Шамшиддинов болани Андижон шаҳридаги бир хонадонда 18 октябрь куни соат 9:00 гача ушлаб турган. Улар Telegram орқали алоқага чиқиб, фарзандини тирик кўришни хоҳласа 300 минг доллар пул беришни талаб қилиб, ушбу пулларни бермаган тақдирда ўғлини ўлдириб юбориш билан қўрқитган. Талаб қилинган пул берилмаганидан кейин, болани Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрига олиб кетишган.
Жиноятчилар ўз қилмишлари фош этилганини англаб етгач, 20 октябрь куни соат 15:00 ларда Қодиров болани яшаш уйига қайтариб юборган. Суд-тиббий экспертизага кўра, болага қаттиқ ўтмас буюм билан енгил тан жароҳати етказилган бўлиб, бу унинг соғлигига жиддий таъсир қилмаган.
Судланувчиларнинг кўрсатмалари
А. Собиров ўз айбини қисман тан олди ва тушунтиришича, у Э. Қодировнинг босими остида ҳаракат қилган, чунки у аввалроқ ундан қарз олган эди.
Судланувчи А. Йўлдошев ҳам айбини қисман тан олди ва у илгари қимор ўйинларига берилиб, Э. Қодировдан қарздор бўлиб қолганини айтди. 2023 йил сентябрь ойида унга болани ўғирлаш режаси ҳақида айтилган, у бунга қарши чиққанидан кейин Қодиров унинг оила аъзоларини ўлдириш билан таҳдид қилган.
Йўлдошевнинг сўзларига кўра, Қодиров боланинг отаси А. Абдуллаевни шахсан таниган — Абдуллаевнинг қизи турмушга чиқиб, Қодиров яшайдиган Косонсой туманига кўчиб ўтган, Абдуллаев эса куёвига автомобиль совға қилган.
Йўлдошев аниқлик киритишича, унинг иштироки болани ташиш билан чекланган бўлиб, у қўлга олинганидан кейин ИИВ ходимларига Қодировни топишда кўмаклашган.
Унинг айтишича, судланувчилар товон пулини бўлиш ҳақида келишиб, ҳар бири 50 минг доллардан (жами 200 минг доллар) олиши керак бўлган, аммо кейинчалик Қодиров боланинг ота-онасидан 300 минг доллар талаб қилган.
Э. Қодировга оид жиноят иши алоҳида иш юритувига ажратилган, чунки у бошқа жиноятларни ҳам содир этган, улар жумладан, Тошкент ҳудудида ҳам амалга оширилган.
2024 йил 16 май куни Юнусобод туман жиноят ишлари бўйича суди ҳукмига кўра, у қуйидаги моддалар бўйича айбдор деб топилган:
- 137-модда 2-қисм «б, в, г» бандлари (одам ўғирлаш);
- 138-модда 2-қисм «а, б» бандлари (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш);
- 164-модда 4-қисм «а» банди (босқинчилик);
- 165-модда 3-қисм «а» банди (жуда кўп миқдорда товламачилик);
- 168-модда 4-қисм «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик);
- 223-модда 2-қисм «б» банди (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш);
- 228-модда 2-қисм «б» банди (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
- 267-модда 3-қисм «в» банди (транспорт воситасини олиб қочиш).
Қодиров 17 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
2024 йил 28 март куни жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди ҳукмига кўра, А. Собиров, О. Шамшиддинов ва А. Йўлдошев ҳам Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича айбдор деб топилиб, қуйидаги жазолар белгиланган:
- Собировга — 11 йилга озодликдан маҳрум этиш;
- Шамшиддиновга — 10 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этиш;
- Йўлдошевга — 7 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этиш.
2025 йил 16 сентябрда Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси ажримига кўра, Йўлдошевга нисбатан Уйчи туман суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Бошқа маҳкумлардан шикоят ёки протест келиб тушмагани сабабли, уларнинг ишлари кассацияда кўриб чиқилмаган.