Жанубий Корея Ўзбекистондан E-8 визаси бўйича мавсумий ишчиларни қабул қилади, деб хабар қилди Миграция агентлиги матбуот хизмати.
Агентлик директори Беҳзод Мусаев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореянинг Кёнсан-Намдо провинцияси губернатори Пак Вансу билан шу мавзуда музокаралар ўтказди.
Томонлар саккиз ой муддатга (5+3) қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлар учун Ҳапчон, Чонгнянг округлари ва Мирянг шаҳрида E-8 визаси бўйича Тошкент вилоятидан ишчиларни жалб қилишга келишиб олди ва тегишли шартнома имзолади.
Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ ва Корея Республикаси Адлия вазирлиги ўртасидаги музокаралар чоғида Ўзбекистон фуқароларининг E-8 мавсумий меҳнат дастурига қайта жалб этиш бўйича келишувга эришилган эди.
Жанубий Корея Адлия вазирлигига кўра, бундай келишувларда ишчи кучини юборувчи ва қабул қилувчи ҳудудлар аниқ белгиланиши шарт. 23−25 сентябрь кунлари Кёнсан-Намдо провинцияси губернатори Тошкент вилоятига ташрифи чоғида икки вилоят ўртасида дўстлик меморандуми имзоланди.
Миграция агентлиги билан имзоланган шартномада кўрсатилган ҳудудларда мавсумий ишлар учун Тошкент вилояти аҳолиси танлаб олиниши белгилаб қўйилди.
2026 йилдан бошлаб ўзбекистонлик ишчиларнинг интизоми ва самарадорлиги ижобий баҳоланса, меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилиши мумкин.
«Фуқароларимиздан меҳнат шартномаси ва Корея қонунчилигига қатъий амал қилиш, белгиланган муддатда ватанга қайтиш сўралади. Бу — келгусида бошқа фуқаролар учун ҳам ишлаш имкониятларини кенгайтириш ёки аксинча, чеклаш билан боғлиқ муҳим омил ҳисобланади», — дея таъкидлади Миграция агентлиги.
Томонлар Жанубий Кореядаги иш берувчилардан бўш иш ўринлари учун аризаларни қабул қилиш ва номзодларни саралашга келишиб олди.
2021 йилда пилот лойиҳа доирасида 420 нафар Ўзбекистон фуқароси Кореяда E-8 визаси бўйича ишлаган. Ишчиларнинг бир қисми беш ойлик шартнома муддати тугагач, уйга қайтмаганидан сўнг, Корея томони дастурни тўхтатганди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Миграция агентлиги Кёнсан-Намдо провинцияси билан муайян соҳа ёки касб бўйича малакага эга бўлган ишчилар учун E-7 иш визалари бўйича ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолаганди.