«Оскар» совриндори Бен Кингсли Ўзбекистондаги илмий-маърифий видеолойиҳада ҳикоячи сифатида қатнашиш учун таклиф қилинди, деб хабар қилди Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.
«[Актёр] ўз ижодий фаолиятида «Ганди», «Шиндлер рўйхати», «Табиб. Ибн Сино шогирди», «Форс шаҳзодаси» каби фильмлардаги роллари билан жаҳон киносанъатида катта обрў қозонган. Айниқса, «Табиб»даги Ибн Сино образи унинг номи билан узвий боғланиб қолган. Бен Кингсли овози орқали янграётган видеолойиҳа Ислом цивилизацияси марказининг тарихий аҳамияти ва маърифий миссиясини дунё жамоатчилигига етказишга хизмат қилади», — дейилади марказ хабарида.
Режаларга кўра, Euronews ва CNN телеканалларида 100 та буюк ўзбек алломаси ҳақида видео намойиш этилади. Марказнинг қайд этишича, ушбу медиа-лойиҳалар дунёга Ўзбекистондаги тарихий шахслар, кашфиётлар, замонавий илм-фан асосчилари ҳақида маълумот олиш имконини беради.
Марказ ушбу видео лойиҳаларга бошқа халқаро юлдузларни, жумладан, Морган Фриман, Дензел Вашингтон, Мэл Гибсон, Анжелина Жоли ва Бурак Озчивитни ҳикоячи сифатида жалб қилишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда 150 дан ортиқ қисқа метражли фильм ва видеороликлар тайёрланиб, марказ кўргазмаларида намойиш этилади.
«Ҳар бир ҳужжатли ролик ёки видеомаҳсулот илмий кенгаш муҳокамасидан ўтиши унинг мазмун ва сифати юксак даражада бўлишини таъминлайди», — дейди марказ директори ўринбосари Ражаб Ражапов.
