16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга пойтахтни комплекс ривожлантириш, саноат ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш масалалари юзасидан ахборот берилди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, тақдимотда пойтахтда йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, Шота Руставели кўчасидаги тажрибадан келиб чиқиб, BRT тизими (Bus rapid transit) асосида яна 10 та кўчада шундай қурилиш ишлари бошланади.
Аввалроқ Gazeta 110 млн долларлик ушбу лойиҳани 2030 йилгача якунлаш режалаштирилаётгани, тармоқ узунлиги эса 57,5 км ни ташкил қилишини ёзганди.
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт оқимини тартибга солиш ва шаҳар қиёфасини ягона дизайн-код асосида такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.
Келгуси йилда маҳаллаларни ободонлаштириш, гастрономик кўчалар қуриш ва суғориш тизимларини янгилаш ишларига маҳаллий бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди.
Президент пойтахтдаги янгиланишлар инсонлар учун қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратишга, иқтисодий фаоллик ва тадбиркорлик салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Тақдимотда «Янги авлод» махсус саноат зонасини ривожлантириш режалари ҳам кўриб чиқилди. 774 гектар майдонда ташкил этилган мазкур ҳудудда ҳозиргача 268 гектарда 28 та лойиҳа амалга оширилмоқда, уларнинг умумий қиймати эса 800 миллион долларга тенг. Яна 300 гектарда жойлашадиган 30 та лойиҳа бўйича инвесторлар аниқланган бўлиб, умумий инвестицияларнинг ҳажми 400 миллион долларни ташкил этади.
Саноат зонасини янада кенгайтириш ва янги қувватларни жойлаштириш ҳисобига иш ўринларини яратиш, юқори қўшилган қийматли ҳамда технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Масалан, саноат зонаси ҳудудида 288 миллион доллар инвестиция ҳисобига мультимодал логистика терминали қуриш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Лойиҳа Дубайнинг DP World компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Терминал ишга тушгач, пойтахт ва Тошкент вилоятининг логистика имкониятлари кенгайиб, экспорт ва импорт операциялари тезлашиши кутилмоқда.
Тақдимот давомида бошқа ҳудудлардаги йирик лойиҳалар юзасидан ҳам маълумот берилди. Жумладан, Бухоро шаҳрининг сайёҳларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтириш режалари кўриб чиқилди.
