Қозоғистон ҳукумати 16 октябрдан эътиборан Аи-92 бензини ва дизель ёқилғиси нархини янада оширишга мораторий эълон қилди. Нархлар музлатилиши «инфляция даражаси барқарорлашгунча» давом этади, дейилади ҳукумат баёнотида.
16 октябрдан бошлаб барча истеъмолчилар гуруҳлари учун коммунал хизматлар тарифларини ошириш ҳам 2026 йил март ойи охиригача тўхтатилади. «Тарифлар ўсиши табиий монополия субъектларининг операцион харажатларини оптималлаштириш ҳисобига ушлаб турилади», — дейилади хабарда.
Ҳукумат маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини молиялаштиришни кўпайтириш орқали ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишининг олдини олишга ваъда берди.
Ҳукумат, шунингдек, базавий ставканинг ошиши туфайли ипотека дастури таклифларининг камайиши фонида аҳоли учун уй-жой сотиб олиш имкониятини таъминлаш учун имтиёзли ипотека кредитлаш ҳажмини икки баравар ошириш режалаштирилаётганини эълон қилди.
Ҳукумат чора-тадбирлари «макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий ислоҳотларнинг салбий оқибатларини юмшатишга» қаратилган, дейилади хабарда. Пайшанба куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бош вазир Олжас Бектеновга «мамлакатдаги иқтисодий вазиятни яхшилаш» бўйича қарорлар қабул қилишни топширди.
Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, сўнгги ойларда Қозоғистонда бензин нархининг ошиши тезлашган. Октябрь ойи бошида Олмаота ва Остона шаҳарларида Аи-92 бензинининг нархи 225 тенгедан ($0,42) 239 тенгегача ($0,44) фарқланган.
Қозоғистонда инфляция 2025 йил сентябрь ойида йил давомида 12,9% ни ташкил этди ва 2025 йил август (12,2%) ва 2024 йил сентябр (8,3%) кўрсаткичларидан ошиб кетди.
