Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов газ йўқлигини айтиб, аҳолига тезак ёқишни маслаҳат берди. Ҳоким бу ҳақда халқ депатутлари Қумқўрғон тумани кенгашининг 2025 йил 12 сентябр куни ўтказилган X сессиясида гапирган.
Жараёнда сессияга раҳбарлик қилаётган туман ҳокими куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида ҳам тўхталиб ўтган.
«Мутахассислар томонидан бу йил қиш совуқ келади деган прогноз қилиняпти. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўришимиз зарур. Қор, ёмғир ёғган кунлари халқ қийналмаслиги керак… Мана, оддий бир тезак, ҳозир ҳеч ким тезак қилмайди. Уйларга тезак, чалмаларни йиғиб, босиб, қишда қор ёғдими, иккита тайлаб қўйса бўлади-ку. Нимага энди биз газ-газ деб қолдик? Тушунган бўлганларинг учун айтяпман, газнинг таги бўлса қани, таги йўқ-да шунинг», — деган туман ҳокими.
Нормаматов газ масаласидан ташқари пахта терими мавсумида даромад топиб, турмуш шароитини яхшилаш имкони борлигини маълум қилди.
«Ҳозир пахта йиғим-терими бўляпти. [Аввал] уч кун пахта териб, бир халта уннинг пулини ишлаган. Уч кун, тўрт кун пахта териб, бир халта ун[га пул топишган]. Қаранг, ҳозирги замонни, бугун 100 кило пахта терса, унинг пули 100 минг, 200 минг сўм бўлади. Бир кунда бир халта ун. Бир киши ўн кун терса, агар оиласи билан терса, бир кунда беш-олти халта унни ишлайди», — деди Қумқўрғон ҳокими.
«Момолар невараларига қараса, тўғрими? Келинлар чиқса белни боғлаб, 10 кун, 15 кун, 20 кун пахта терса, кийимини олади, унини олади, мойини олади, ўзига тўйга кийишга кийим олади, қишга тайёргарлик кўради. Тўғрими? 10 халта буғдой олади, молларига ем олади, 20 литр мой (ёғ) олади. Мана бизнинг собиқ хўжаликларимизда кўп йиллар ишлаганмиз. Ўзимизда ҳам мана «совхоз»да, ана шу тепаликда теришарди. Пастга тушмасди, қишга тайёргарлигини кўради-да», — дея қўшимча қилди ҳоким.
Аввалроқ тармоқларда Бойсунда кўмир талашган, бир-бирини белкурак билан урган одамлар видеолари тарқалганди. Видеолар остида фойдаланувчилар тартибсизликка одамлар эмас, кўмирнинг вақтида етказилмагани ва унинг қишда етмай қолиши сабаб эканлигини ёзиб қолдирганди.
«Аввал Бойсунга келиб яшаб кўринг. Аҳолига 3 вагон кўмир бир йилда бир келади. Булар сизларга ўхшаб мазза қилиб газ ёқмайди», — дея ёзган фойдаланувчилардан бири.
