Ҳиндистоннинг Glokal Yevroaziya компанияси Сурхондарёнинг Узун туманида мис қазиб олиш ва қайта ишлашга 650 млн доллар инвестиция киритади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Айтилишича, 16 октябрь куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда компания раиси Иқбал Моҳаммад бошчилигидаги делегация билан лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.
Унга кўра, лойиҳа доирасида йилига 10 минг тонна мисни қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватига эга корхона барпо этилиши, бу орқали 350 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқич геологик-қидирув ишлари якунлангани хабар қилинди. Айни пайтда завод қурилиши бўйича амалий ишлар олиб бориляпти.
Учрашувда, шунингдек, инвесторлар томонидан соғлиқни сақлаш ва олий таълим муассасаларини ташкил этишга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди, дейилади хабарида.
Таъкидланишича, учрашув якунида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларни тайёрлаш, ташкилий босқичларни бошлаш ҳамда мис қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.
Сентябрь охирида давлат раҳбари «Ёшлик I» конини ўзлаштириш доирасида 3-мис бойитиш фабрикаси (МБФ-3) ишга туширилишини маълум қилганди. МБФ-3 Ўзбекистон рангли металлургиясидаги энг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири бўлиб, унинг лойиҳавий қуввати йилига 60 миллион тонна мис рудасини ташкил этади, бу эса уни бутун постсовет ҳудудидаги энг йирик бойитиш мажмуаларидан бирига айлантиради.
Аввалроқ Gazeta ёзганидек, Ўзбекистон ва Иордания мис, уран ва муҳим минераллар соҳасида бир нечта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.