Ўзбекистон Касаба уюшмалари ўзини ўзи банд қилган фуқаролар билан ҳам ишлайди. Бу ҳақда 17 октябрь куни президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Президенти маълум қилишича, имконият ва шароит яратиб берилгани туфайли бугунги кунда 6 миллионга яқин аҳоли ўзини ўзи банд қилиб, рўзғор тебратмоқда.
«Масалан, ҳозирги вақтда одамларимиз дастурчи, веб-дизайнер, ҳунарманд, такси ҳайдовчиси, курьер каби ўнлаб касбларда платформали бандлик асосида ишламоқда. Кўплаб фуқароларимиз, айниқса, хотин-қизлар масофадан туриб меҳнат қилишни ўрганди. Маҳаллаларни „драйвер“ соҳаларга ихтисослаштириш ҳисобидан 1,5 миллион оила ўз хонадонида ишлаб, даромад олмоқда», — деди давлат раҳбари.
У шу тарзда фаолият юритаётган одамлар меҳнат муносабатларининг тенг ҳуқуқли субъектига айланаётганини қайд этди.
Касаба уюшмалари ҳам маҳаллалар билан яқиндан ишлайдиган самарали тизимни йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Бандлик вазирлигига касаба уюшмалари билан биргаликда платформаларда фаолият юритаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, хавфсизлигини суғурталаш бўйича асосланган таклифларни Ҳукуматга киритиш топширилди.
