Сирдарё вилоятида хусусий боғча тарбиячилари болага шафқатсиз муносабатда бўлгани учун ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода икки нафар тарбиячи болани қайсидир иши учун кечирим сўрашга мажбурлаётганини, бола эса улардан кечирим сўраб йиғлаётганини эшитиш мумкин.

«Мен сени огоҳлантиргандим», — деб бақириб уришган тарбиячилардан бири. Иккинчиси боладан кечирим сўрашни талаб қилган. «Кечиринг, де!» — деган у. «Боғча опа, бошқа қилмайман, кечиринг», — деб йиғлаган бола. «Йўқ, кечирмайман, ростанам кечирмайман! Мана шу ерда қоласан!» — деб қўрқитган тарбиячи.

Шундан сўнг бошқарма томонидан ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилган. Аниқланишича, Оқолтин туманидаги «Шодлик» хусусий мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Н.А. машғулот вақтида тарбияланувчига нисбатан «ноўрин сўзлар ишлатган ва педагог этикасига зид хатти-ҳаракат содир этган».

Ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, икки нафар тарбиячи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, воқеа юзасидан мактабгача таълим тизимида педагогларнинг ахлоқий масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Косон туманида 2 ёшли қиз машина ичида қолиб кетиб, димиқиб вафот этган, уни машинасида унутиб қолдирган боғча раҳбари суд томонидан 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.