• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

молиявий хизматлар рекламасида кредит оқибатлари ҳақида огоҳлантириш бўлиши керак – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига аҳолини кредит оқибатлари ҳақида огоҳлантириш бўйича ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар қилди.

Идоранинг таъкидлашича, сўнгги йилларда микроқарз ва истеъмол кредитлари бозорида фаоллик ортиб бораётгани фонида агрессив маркетинг ва реклама воситасида аҳоли ўртасида бундай молиявий хизматларнинг оммалашуви, оқибатда эса қарз юкининг кескин ўсиши кузатилмоқда.

«Аксар ҳолларда бундай қарз маҳсулотлари реклама ва тарғибот материалларида аҳолининг эътибори уларни тез ва осон тарзда олиш имкониятига қаратилади. Бироқ бундай ёндашувлар қарз мажбуриятларининг келгусида келтириб чиқариши мумкин бўлган молиявий хатарлари тўғрисида етарлича маълумот бермаслиги оқибатида фуқаролар молиявий қийинчиликларга дуч келиши мумкин», — дейилади хабарда.

Ҳозирда 43-модданинг амалдаги версиясида молиявий хизматлар рекламасига қуйидагича талаблар назарда тутилган:

  • фойдаланувчининг ишончини суиистеъмол қилмаслик, унинг тажрибаси ва билими етишмаслигидан фойдаланиш ниятини кўзламаслик;
  • рекламада кўрсатиладиган хизматларга бевосита алоқадор бўлмаган ахборот бўлмаслиги;
  • кўрсатиладиган молиявий хизматлар бўйича шартномаларнинг муҳим шартларини очиб бериш.

Қўмита таклифига кўра, кредит, жумладан, микроқарзлар рекламасида реклама майдони ва вақтининг камида 10 фоизи улардан фойдаланишнинг эҳтимолий молиявий хатарлари тўғрисидаги огоҳлантиришга ажратилиши белгиланмоқда.

«Ушбу ташаббус аҳолининг молиявий хабардорлигини ошириш, онгли қарз олиш маданиятини шакллантириш ҳамда ортиқча қарз юкининг олдини олишга қаратилган», — дея таъкидлайди қўмита.

Рақобат қўмитаси фуқароларни қарз олишда ўз молиявий имкониятларини аниқ ва масъулиятли баҳолашга, шунингдек, қарз ажратиш шартлари, фоиз ставкалари ва тўлов мажбуриятларини диққат билан ўрганишга чақирди.

Аввалроқ Рақобат қўмитаси тижорат банкларининг кредит карта амалиётларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан Марказий банкка сўров юборгани хабар қилиганди. Унга кўра, айрим тижорат банклари тақдим этган кредит карталаридан коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт ва суғурта ҳамда солиқ каби тўловлар ҳам нақд пулга ечишга тенглаштирилиб, улардан фоиз ва комиссиялар ундирилаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан қўмита Марказий банкдан тижорат банклари фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш ва асоссиз олинган хизмат ҳақлари истеъмолчиларга қайтарилишини таъминлашни сўраганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *