• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон 2025 йилда Россия гази импортини 2 млрд куб метрга оширади


16 октябрь куни Россия энергетика ҳафталиги доирасида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бош вазир ўринбосари Александр Новак билан учрашди, деб хабар бермоқда Россия ҳукумати.

Қайд этилишича, томонлар нефть-газ ва электр энергетикаси соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди.

«Газпром» Ўзбекистонга йилига 7,7 млрд куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартномани амалга оширишни давом эттирмоқда. Шу билан бирга, газ, жумладан, суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажмини ошириш учун катта истиқболлар мавжуд, дейилади хабарда.

Spot нашрининг эътибор қаратишича, бу рақамлар Ўзбекистон 2025 йилда Россия гази импортини 2 млрд куб метрга оширишини англатади.

Ўтган йил якунларига кўра, «Газпром» Ўзбекистонга 5,64 млрд куб метр газ экспорт қилган. Бу 2023 йилга нисбатан 4,36 млрд куб метр ёки 4,4 баробар кўп.

Бундан ташқари, 2024 йилда Ўзбекистонга 233,5 минг тонна Россия нефти етказиб берилган. Икки мамлакат нефть-газ компаниялари Ўзбекистон ҳудудида қазиб олиниши қийин бўлган конларни ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўтган ҳафта «Газпром» раҳбари Алексей Миллер Россия жорий йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга табиий газ етказиб беришни 15 фоизга оширганини маълум қилганди.

ОАВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон ўтган йилда Россиядан табиий газни ички тарифлардан анча қиммат нархда сотиб олган. Минг куб метр нархи 160 долларни ташкил этган — бу Туркия ва Хитой учун белгиланган нархлардан анча паст. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия ва Туркманистондан импорт қилинган газ нархини конфидециалликка таянган ҳолда ошкор қилмаган.

Россия президенти Владимир Путиннинг 2024 йил мартдаги сўзларига кўра, 2025 йилда «Газпром» Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришни тўрт бараварга — 2,8 млрд куб метрдан 11 млрд куб метргача ошириши кутилаётганди.

Айни пайтда Ўзбекистон 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида Туркманистон ва Россиядан табиий газ импортини 27,9 фоизга қисқартириб, 885,9 миллион долларга етказган. Апрелдан бошлаб ойлик етказиб бериш 100 миллион доллардан ошмоқда, июнь ойида эса рекорд даража — 286,3 миллион долларга етган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *