Қашқадарё вилоятида йўл четида ҳаракатланиб кетаётган икки нафар мактаб ўқувчиларидан бирини юқори тезликда келган Cobalt уриб юборди, оқибатда ўқувчи вафот этди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ хабарига кўра, ҳодиса 14 октябрь куни соат 12:00 ларда Китоб тумани «Наримон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Китоб — Паландара — Наримон» автомобиль йўлининг 21-километрида содир бўлган. Cobalt ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган автомобилни қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўлга чиқиб руль бошқарувини йўқотган ва пиёдани уриб юборган.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, 15 ёшли мактаб ўқувчиси тез тиббий ёрдам машинасида Китоб туман соғлиқни сақлаш бўлими марказий шифохонасига ўта оғир беҳуш ҳолатда олиб келинган. Шифокорлар томонидан барча зарур реанимацион ва жарроҳлик чоралари кўрилганига қарамай, оғир жароҳатлар асорати туфайли бемор ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғона вилояти Қува туманида 21 ёшли Damas ҳайдовчиси пиёдалар йўлагидан ўтаётган 9 ёшли болани уриб юборганди. Оқибатда 3-синф ўқувчиси шифохонада вафот этди. Ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, ҳайдовчига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.