16 октябрь куни Россиянинг Новосибирск вилоятида енгил автомобиль ва 2 та юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди, деб хабар бермоқда вилоят Давлат автоинспекцияси ахборот хизмати.
Соат 1:20 атрофида Renault Sandero ҳайдовчиси (аёл) қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, DAF юк машинаси билан тўқнашган. Шундан сўнг DAF ҳайдовчиси (эркак) бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги Volvo юк машинасига урилган.
Ҳодиса оқибатида DAF автомашинаси ҳайдовчиси — 1983 йилда туғилган эркак олган жароҳатлари оқибатида вафот этган. Volvo ҳайдовчиси — 1970 йилда туғилган эркак кўплаб жароҳатлар билан тиббиёт муассасасига ётқизилган.

Тармоқларда мазкур ЙТҲ акс этгани айтилган видео тарқалди. Унда бир эркак ўзбек тилида гапириб, ҳодисага ўзи гувоҳ бўлганини айтади ва аварияга учраган юк машиналарини кўрсатади — видеода 40 (Фарғона вилояти) ва 85 (Навоий вилояти) билан бошланган давлат рақамларини кўриш мумкин.
Podrobno.uz нашрининг Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонасига таяниб ёзишича, иккала юк машинаси ҳайдовчилари ҳам ўзбекистонликлар бўлган.
Россия ОАВ ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи аёл ҳам вафот этганини ёзмоқда. Бироқ расмий манбаларда аёлнинг жароҳати ҳақида маълумот келтирилмаганди.
- Аввалроқ Россиянинг Амур вилоятида енгил автомобиль ва йўловчи автобуси тўқнашганди. Аввалига йўловчилар Туркия, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари экани айтилди. Аммо Ўзбекистон Миграция агентлиги бу ҳодисада ватандошлар бўлмаганини билдирди. Ҳодиса туфайли 46 киши жароҳатланган, 1 киши вафот этган.
