16 октябрь куни Россиянинг Амур вилоятида енгил автомобиль ва Yamata турк қурилиш компаниясига тегишли йўловчи автобуси иштирокида автоҳалокат содир бўлганди. Россия ОАВ автобусда асосан Туркия фуқаролари, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган ишчилар бўлгани ҳақида хабар берди. Ўзбекистон Миграция агентлигининг аниқлик киритишича, бу ҳодисада ўзбекистонликлар бўлмаган.
ЙТҲ Свободний шаҳрига кириш йўлининг 19-километрида содир бўлган. Toyota Probox енгил автомобили Амур газ-кимё мажмуаси қурилишида иштирок этаётган пудратчи ташкилот ишчиларини олиб кетаётган автобус билан тўқнашган.


Шундан сўнг автобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. Автобус йўловчиларининг барчаси хорижликлар бўлган. Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
ЙТҲ оқибатида автобусда бўлган 46 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига етказилган ва 1 нафар фуқаро вафот этган.
Ўзбекистон тарафидан тезкор суриштирув ишлари Владивосток шаҳридаги Бош консулхона ва Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан олиб борилди.


