2025 йилда Ўзбекистонда 5,2 млн кишини даромадли иш билан таъминлаш режалаштирилган. Ушбу дастурда қўйилган вазифа ва кўрсаткичлар жамоатчиликда турли саволларни келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, катта режалар туфайли кўрсаткичларни ҳисобга олиш усули, қўшиб ёзиш ва сифатсиз маълумотларни тақдим этиш эҳтимоли масаласи ҳам йил давомида турли муҳокамаларга сабаб бўляпти.
Gazeta мазкур дастур билан боғлиқ саволлар юзасида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовдан интервью олди.
— Ўзбекистонда 2025 йил бошида аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури қабул қилинганди. Бу нега керак?
Дастурнинг асосий мақсади аҳоли даромадини ошириш, яъни асосий ёки қўшимча даромад манбаини яратиш, уларни даромадли меҳнатга жалб қилиш ҳисобланади. Мазкур дастур аҳолини доимий ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда норасмий бандликни легаллаштириш ҳисобига амалга оширилади.
Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури кўрсаткичлари — юридик ва жисмоний шахслар томонидан ташкил этилган иш ўринлари ҳисобига шаклланади, шунингдек, бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар бўйича ҳам кўрсаткичлар ҳисобга олинади.
Мақсадли кўрсаткичлар меҳнат бозоридаги вазият — ишсизлар, норасмий бандлар ва меҳнат бозорига кириб келувчилар сони ҳамда тармоқ ва ҳудудларнинг имкониятлари, истиқболдаги лойиҳаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
— Бу дастурни амалга оширишда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг вазифаси нималардан иборат?
Вазирлик дастур ижросини мувофиқлаштиради, маълумотлар асосида муаммоларни аниқлайди ва уларни тартибга солувчи механизмлар ва янги ёндашувларни таклиф этади.
Шундан келиб чиқиб, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури ҳисобини юритиш мақсадида yangiish.mehnat.uz электрон платформаси ишлаб чиқилган.
Вазирлик платформага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида 7 босқичда текшириб (фильтрдан ўтказиб) чиқади. Жумладан:
- иш ўрни яратган корхона ҳақиқатда маълумот киритган туман ёки шаҳардан рўйхатдан ўтгани;
- иш ўрни яратган ташкилот ва муассаса солиқ органларида фаол бўлиб тургани, яъни ҳақиқатда фаолият юритаётгани ва солиқ тўлаётгани;
- Ягона миллий меҳнат тизимидан ҳисобот ойида меҳнат шартномаси расмийлаштирилгани, яъни ишга қабул қилингани;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳисоблангани;
- ходимни битта корхонадан ишдан бўшатиб, қайта ишга қабул қилиш ҳолати бўлмаганига ишонч ҳосил қилингани (масалан, бир фуқаро январь ойида ишга жойлашган бўлса, уни ўша иш жойидан бўшатиб, қисқа муддат ичида қайта ишга қабул қилиш ҳолати бандлиги таъминланган сифатида инобатга олинмайди);
- фуқаронинг ЯТТ ёки ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатига қабул қилишда унинг доимий иш жойи йўқлигига ишонч ҳосил қилингани;
- жисмоний шахслар бўйича айнан ҳисобот ойида давлат рўйхатидан ўтгани текширилади.
Ушбу маълумотлар ҳар ойнинг 15-санасида электрон платформа орқали, яъни инсон омилисиз Солиқ қўмитаси базасига юборилади.
Мен сизга бир мисол келтираман. Агар ходим бирор корхонада бир неча кун фаолият юритиб, кейин ишдан бўшаб кетган бўлса, бизнинг ахборот тизимимиз уни «ишга жойлаштирилди» деб ҳисобга олмайди. Яъни ахборот тизимида нафақат қўшиб ёзиш, балки қисқа вақтли ишга жойлаштириш ҳам ҳисобга олинмайди.
Кимдир фикримга қўшилмаслиги мумкин, қисқа вақт ишлаш ҳам — ишга жойлаштириш-ку деб. Лекин бу ҳар бир ишга жойлашган фуқаро доимий иш жойида ишлаб кетади дегани эмас. Биз бу ҳолатни фуқарога даромад манбаи яратиб берилди деб айта олмаймиз.
Яна бир мисол, қайсидир корхонада ишлаётган одам ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, уйида мебель таъмирлаш фаолияти билан шуғулланмоқчи. Лекин бизнинг ахборот тизимимиз буни такрорий бандлик ҳолати деб ҳисоблайди ва дастур ҳисоботига киритмайди.
Шу мебель таъмирловчи ўзини ўзи банд қилиши керакми ўзи, деган савол қўйилса, менинг жавобим: ҳа, керак. Чунки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ҳар қандай шахс рўйхатдан ўтиши лозим. Лекин биз буни ҳисоботда қайд этмаймиз, чунки бу фильтр олиб ташланса, кўплаб сифатсиз маълумотлар киритилиши мумкин.
— Солиқ базасига юборилган маълумотлар қандай кўриб чиқилади?
Солиқ қўмитаси томонидан ҳам платформага киритилган маълумотлар қўшимча равишда текширилади. Бунда доимий ишга жойлаштирилган фуқароларга иш ҳақи ҳисоблангани, тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтгани ва солиқ тўлангани ҳолатлари кўриб чиқилади.
Бизнинг платформа ва Солиқ қўмитаси томонидан текшириш натижасида базага киритилган маълумотларнинг ўртача 25−30 фоизи умумлаштирилган ҳисоботларга қўшилмайди.
Текширилган маълумотлар ҳар ойнинг 20-санасига қадар вазирликка электрон дастур орқали инсон омилисиз юборилади ва шундан кейингина якуний ҳисоботлар шакллантирилади.
— Норасмий бандликни қисқартириш дастур ижросига қандай таъсир қилади?
Юқорида айтганимдек, норасмий бандликни расмийлаштириш дастурнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Инсон расмий фаолият юритганда солиқ тўлайди, меҳнат ҳуқуқи таъминланади, ижтимоий ҳимояга олинади ҳамда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Аслида ким бўлишидан қатъи назар — якка тартибдаги тадбиркорми, ўзини ўзи банд қилган шахсми ёки кичик корхона эгасими — расман рўйхатдан ўтиб, фаолиятини қонуний асосда юритиши лозим.
Бизнинг жамиятда фақат чекловлар эмас — меҳнат қилиш, даромад топиш маданияти ҳам шаклланиши лозим. Солиқ тўламай, яширинча ишлаётганларга нисбатан танқидий муносабат бўлиши керак. Чунки фақат шундагина иқтисодий ўсиш тартибли ва барқарор бўлади.
Мисол учун, Тошкент шаҳрида мазкур дастур амалиётга жорий этиляпти. Дейлик, бир фуқаро деҳқон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади. Унинг фаолияти расман қайд этилмаган, лекин у ҳар куни меҳнат қилади, даромад топади. Бундай ҳолатда, бу фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтса бўлди, бу етарли — унга мажбурий солиқ тўлаш талаб этилмайди.
Бу орқали маҳалла ва бозорларда фаолият юритаётган минглаб одамлар расмий меҳнат бозорига кириб келади. Шу билан бирга, бу жараён орқали уларга турли имтиёзлар, масалан, паст фоизли кредит олиш, пенсия таъминотига қўшилиш имконияти яратилади.
Умуман, норасмий бандликка барҳам бериш доимо диққат марказимизда. Норасмий бандликни қисқартириш бўйича ҳар бир соҳа ва ҳудуд кесимида прогноз кўрсаткичлар белгиланган.
Биринчи навбатда, расмий бандликнинг афзалликлари ва ижтимоий кафолатларини аҳоли ва тадбиркорлар орасида кенг тарғиб қилишга, жумладан, ижтимоий видеороликлар, суҳбатлар ва учрашувлар ўтказиб, тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ислоҳотлар натижасида норасмий бандлик улуши йил бошига нисбатан 38 фоиздан 33 фоизгача қисқарди.
Умуман, 2025 йилнинг ўзида норасмий бандларнинг 500 минг нафарини легаллаштириш режа қилинган.
— Нега одамларни кўчада тўхтатиб, ўзини ўзи банд қилдираётганлар пайдо бўлди?
— Мен шаҳардаги ҳудудий бошқармамизга у одамлар ким, нима қилаётганини аниқлаш мақсадида топшириқ бердим. Ходимларимиз бундай одамларни учратмади.
Биринчидан, агар кимдир кўчада шундоқ ҳам расмий тарзда ишлаётган одамларга ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтишни таклиф қилаётган бўлса, шуни ёдда тутиш керакки, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот тизими бу маълумотни ишончсиз маълумот сифатида чиқариб ташлайди.
Иккинчидан, агар кимдир ўз-ўзидан шундай таклиф бераётган бўлса, таклиф берилаётган одамнинг ўзи буни рад қилишини истардим.
Бандлик бўлимлари ходимлари ҳам кўчада дуч келган одамга ўзини ўзи банд қилишни таклиф қилаётгани ҳақида ҳам ёзилди. Лекин бандлик бўлимлари ходимлари, менинг раҳбарлигимдаги вазирликнинг ходимлари иш ўрни яратмайди.
Ҳужжатни қарасангиз, KPI барча тармоқ ва ҳудудларда мавжуд, лекин ҳеч қаерида Бандлик вазирлиги фалонча ишчи ўрни яратсин дейилмаган. Бандлик бўлими ходимларига бундай KPI қўйилмаган.
Бизнинг вазифамиз ҳаққоний маълумотни йиғиб, таҳлил қилиш; қаердадир нотўғри маълумот шаклланаётган ёки нотўғри тенденция кузатилаётган бўлса, буни бартараф этиш бўйича таклифларни киритиш.
Очиғи, бундай уринишлардан ўзимиз ҳам чарчадик. Шунинг учун бунга қарши курашиш мақсадида KPI кўрсаткичларини ислоҳ қилиб бориш масаласида доимий ишлаяпмиз. Нафақат сонга, балки сифатга хизмат қиладиган KPI кўрсаткичларини киритиб боряпмиз.
— Дастурда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ҳам катта мақсадлар белгиланган. Бу қандай амалга оширилади?
— Бу йил маҳаллаларда аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан, республика бўйича жами 370−380 мингта микролойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бу биргина микролойиҳалар ташкил этиш эвазига тахминан 800 минг фуқаролар даромад манбаига эга бўлади дегани.
Микролойиҳа дегани нима ўзи? Микролойиҳа — ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги камида иккита шахснинг бандлигини таъминловчи оилавий бизнес ёки тадбиркорлик. Мисол учун, уй шароитида, камида 3−4 сотих ер майдонида иссиқхона қуриб, кўкатлар ёки қалампир етиштириб сотишни тизимли равишда йўлга қўйиш ҳам микролойиҳа.
Бунда бир оила ўзи етиштирган маҳсулотларни сотиш орқали йил давомида 60−70 млн сўм даромад қилиши мумкин. Шу орқали оиланинг кундалик харажатларини қоплайдиган даромад манбаи вужудга келади.
Умуман, кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш доирасида улар учун махсус тадбиркорлик дастурлари йўлга қўйилган. Жорий йилда уларни молиялаштириш ҳажми 120 триллион сўмга етади. Шунингдек, «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш», «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш», «Бизнесга биринчи қадам», «Маҳалла лойиҳаси» каби дастурлар ҳам амалга ошириляпти.
— Кўрсаткичлар қанчалик сифатли? Вазирлик дастурий таъминотида хато ва камчиликлар бўлиши мумкинми?
— Аслида камчилик ёки хатолик ҳам янги ёндашувларни ва янги лойиҳаларни жорий этиш учун замин бўлади. Агар аҳоли бандлигини таъминлаш дастур доирасида айтадиган бўлсак, дастур мунтазам равишда ўрганиб борилади, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ечимлари ишлаб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилади.
Хусусан, 2025 йилнинг январь-февраль ойларида бир ЖШШИР эгаларини ҳисобот ойи учун такроран киритиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида март ойидан бошлаб платформага битта ЖШШИР эгасини ҳисобот ойи учун фақат бир маротаба киритиш мумкин бўлди. Бу чеклов, ўз навбатида, фуқароларни бандлар рўйхатига такроран киритилишининг олдини олди.
Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи яримйиллигида 53 минг нафар ўзини ўзи банд қилган фуқаро ва 14 минг нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини вақтинча тўхтатгани маълум бўлган. Ушбу фуқаролар ўз вақтида ҳисоботдан чиқарилган.
Бугунги кунда вазирликнинг барча ахборот тизимлари янада такомиллаштириляпти. Жумладан, тадбиркорлар учун соддалаштирилган тартибда меҳнат муносабатларини юритиш учун, биринчи босқичда, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасидаги ходимлари сони 50 нафаргача бўлган корхоналар учун мобил дастур ишга тушириляпти.
Бунда корхоналарга биометрик идентификация қилиш (Face ID) орқали электрон меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш имконияти яратиб берилади. Шунингдек, ҳозирда вазирлик тизимидаги платформаларга сунъий интеллект технологиялардан фойдаланган ҳолда маълумотларни таҳлил қилиш тизимини жорий қилиш бўйича иш олиб бориляпти.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, эҳтиёжманд аҳоли даромадларини ошириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Шунинг учун бу борада янги ёндашув ва инструментларни жорий этиш бўйича ҳамкорликка доим очиқмиз.