Самарқанд вилояти Оқдарё туманида «М.М.М.Н» фермер хўжалиги Қорадарё дарёси ҳудудидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиб, табиатга 43,12 миллиард сўм миқдорида зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар бермоқда.

Ҳолат Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторлари томонидан ушбу фермер хўжалиги фаолияти ўрганилиши натижасида аниқланган. Қум-шағал аралашмаси фермер хўжалигига тегишли экскаватор ва юк машинаси ёрдамида ноқонуний қазиб олинган.

Ҳозирда қум-шағал аралашмаси қазиб олинган техника воситалари вақтинча жарима майдонига жойлаштирилди. Тегишли ҳужжатлар эса ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш мақсадида Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилди.

Аввалроқ Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги корхона ўзига ажратилган ҳудуддан ташқаридаги майдондан ноқонуний равишда тупроқ қазиб олиб, табиатга 31,9 миллиард сўм зарар етказгани аниқланган эди. Корхонага 7,7 миллиард сўм миқдорида компенсация тўлови ҳисобланди. Ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.