• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Энди минимал иш ҳақини белгилашда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳам қатнашади


Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (минимал иш ҳақи) касаба уюшмалари ва иш берувчилар иштирокида белгиланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни касаба уюшмалари фахрийлари билан учрашувда маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсиб бормоқда ва аҳоли турмуш фаровонлигини шунга мос равишда ошириш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳам ҳар йили кўпайтириб борилмоқда (1 август ҳолатига кўра, 1 млн 271 минг сўм). Лекин бу масалалар кўпинча бир томонлама, яъни, давлат идораларининг ҳисоб-китоби ва таклифи билан ҳал қилинмоқда.

Шу боис, президент келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини — Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерациясини ҳам жалб қилишни таклиф қилди.

Бу қадам, Мирзиёевнинг фикрича, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича янгича ёндашув бўлади.

«Инсон қадри, унинг ҳаёт сифати фақат иш ҳақи билан эмас, балки ижтимоий муҳит билан ҳам белгиланади. Бунинг учун ходимларни уй-жой, сифатли таълим, тиббиёт ва транспорт хизматлари билан кафолатли таъминлаб, энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларига етадиган даромад топишига шароит яратиб беришимиз зарур», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилмоқда. Бу меҳнат соҳасида инсон қадрини ошириш, барча фуқаролар учун адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдан иборат.

Шу боис, Касаба уюшмалари, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси дастурда муносиб бандлик, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий суғурта, гендер тенглик, ёшлар ва инклюзивлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва «яшил» иқтисодиёт жадал ривожланаётган шароитда меҳнат муносабатлари ҳам шунга мос равишда йўлга қўйилиши керак.

Ишлаб чиқилаётган «Муносиб меҳнат» дастури жадал ўсиб бораётган иқтисодиётни ижтимоий адолат билан уйғунлаштирадиган стратегик «йўл харитаси» бўлиши айтилди.

Молиячи Отабек Бакиров аввалроқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори юқорироқ суръатда ошириб борилиши амалда тўланаётган иш ҳақи оқартирилишини осонлаштириши ҳақида ёзганди. «Ҳеч ким 91 долларга ишламасада, жуда кўп иш берувчилар шу миниумумда иш ҳақи ёзади ва қолганини нақд ҳисоб-китоб қилади», — деди у.

Таҳлилларга кўра, январь-март ойларида Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши 7,2 фоизга тенг бўлди. Айни пайтда, Марказий Осиё давлатларида реал иш ҳақининг ўртача ўсиши 9,8 фоизни, айрим Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоизни ташкил этди.

Иқтисодиёти ўхшаш мамлакатлар билан кўрсаткичлар ўртасида бундай тафовутнинг узоқ муддат сақланиб қолиши яқин истиқболда Ўзбекистонда харид қобилияти пасайиши ва талабнинг сусайишига олиб келади, дейилади Марказий банк шарҳида.

Энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) — бу давлат томонидан белгиланган меҳнат тўловининг «қуйи чегараси»дир. ЯИМнинг ҳар бир киши ҳисобига тўғри келадиган қисми эса иқтисодиётда бир аҳолига ўртача қанча товар ва хизмат ишлаб чиқарилаётганини кўрсатадиган кўрсаткичдир.

Агар йиллик энг кам иш ҳақини аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМга бўлсак, мамлакат бўйича «ўртача даромад»нинг қай даражасига тенг эканини аниқлаш мумкин.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг иккинчи чорагида йиллик энг кам иш ҳақи тахминан 91×12 = 1092 долларни ташкил этди. 2024 йил якуни бўйича аҳоли жон бошига ЯИМ — тахминан 3100 доллар. Нисбат: 1092 / 3100 ≈ 35%.

Бу эса Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи иқтисодиёт бўйича «ўртача даромад»нинг тахминан учдан бир қисмига тенглигини англатади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *