• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш бўйича маълумотларни олишнинг ягона тизими ишга туширилади



Ўзбекистонда бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга туширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17 октябрь кундаги йиғилишда маълум қилди.

Йиғилишда иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, бахтсиз ҳодисалар ҳисоби ва уларнинг сабабини ўрганиш ўттиз йил олдин қабул қилинган ҳукумат қароридаги эскирган нормалар асосида қоғозда юритилаётгани қайд этилди.

Масъул вазирларга касаба уюшмалари билан бирга бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга тушириш ҳамда бундай ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва унга ечим топиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Шунингдек, сўнгги беш йилда касаба уюушмалари томонидан корхона ва ташкилотларда 152 мингта қонун бузилиши аниқланган. Аслида, бундай ҳолатлар анча кўплиги, судлар томонидан уч йилда 48 мингдан зиёд меҳнат низолари кўриб чиқилгани қайд этилди.

Касаба уюшмалари яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатида иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳозирда федерация таркибида 14 та тармоқ касаба уюшмаси фаолият юритмоқда.

«Афсуски, тегишли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқларини ишончли таъминлайдиган ташаббусларни илгари суришда уларнинг овози эшитилмаяпти. Кўряпсизлар, иқтисодиётимизга янги-янги соҳа ва йўналишлар, шунга мос тарзда янги касблар, замонавий технологиялар жадал кириб келмоқда. Ана шундай шароитда тармоқ касаба уюшмалари вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйиб бориши керак эмасми?» — деди президент.

«Шунинг учун, вазирлик ва идоралар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини доимий равишда ўтказиб борадиган тизимни йўлга қўйишни таклиф этаман», — деди давлат раҳбари.

Бундай мулоқот шакли «давлат — иш берувчилар — меҳнат жамоалари» ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаб, самарали механизмга айланишига ишонч билдирилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *