— Қизим, холодильникда 7 та помидор бор эди, 6 та бўлиб қолибдими?
— Жиғилдоним қайнаганига мен егандим…
Ижтимоий тармоқларда келинидан нима учун музлаткичдаги етти помидордан бири йўқолиб қолганини сўраётган қайнота билан боғлиқ видео ҳеч олдингиздан чиқдими? Бу видеопарча Milliy TV томонидан эфирга узатилган «Иқрор» теленовелласининг 1071-сонидан ва унга «Мижғов қайнота» деб ном берилган.
Кўплаб мемларга, муҳокамаларга, томошабинларнинг муносабатига сабабчи бўлган бу эпизод бизни ҳам кичик бир материал қилишга ундади. Ўша «мижғов қайнота» Gazeta хабарларини ўқиганида қандай муносабат билдирарди? Қуйида шуни тасаввур қилиб кўрамиз. Агар сиз баъзи воқеалардан бехабар бўлсангиз, тушунишингиз учун мемлар остида қисқа изоҳлар ҳам қолдирамиз.
2025 йилда Ўзбекистонда доллар курси тебраниш коридори сезиларли кенгайгани, олтин нархи ошиши, хориждан пул ўтказмалари кўпайиши ва долларнинг бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланиши фонида сўм курсининг АҚШ валютасига нисбатан мустаҳкамланиши асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлди.

Август ойида маданият вазири Озодбек Назарбеков яна рекламада кўриниш берди. Аввалроқ эркаклар кийимлари дўкони рекламасида чиққан вазир бу сафар университет рекламасига чиққанди. «Реклама тўғрисидаги» қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганини кўрсатиш тақиқланган.

Ўзбекистон Конституцияси бўйича мамлакатда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатларига киради. Яқинда «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлар бўйича божсиз лимитлар масаласида фикр билдириб, шуни бизга эслатиб ўтганди.

2021 йилда ўша вақтдаги энергетика вазири Алишер Султонов «ҳозирги газ ҳажми учта Ўзбекистон учун етарли» эканини маълум қилганди.
2023 йилга келиб Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импортини амалга оширди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. 2024 йил бошида Gazeta мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганишга ҳаракат қилиб кўрганди.

Ўзбекистон, тарифлар ошишига қарамай, газ нархини субсидиялашда давом этмоқчи. Бу амалиёт 2028 йилда тугатилиши ваъда қилинганди, лекин у нафақат давом этмоқда, балки субсидия прогнозлари ҳам ортмоқда.

Ўзбекистонда 1 октябрдан мопед ва скутер ҳайдаш учун авторақам ва ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилувчи қонун кучга кирди. Талаб кучга кириши олдидан Gazeta ушбу транспорт воситаларининг асосий фойдаланувчиси — курьерлар, шунингдек, етказиб бериш компаниялари ва расмийларнинг фикрларини ўрганганди.

Яқинда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Ўзбекистонда мис сим экспортига бож жорий этиш режалаштирилаётганини айтган.

2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда хусусий университетлар учун лицензия олиш деярли имконсиз наарсага айланди. Иқтисодчилар, таълим соҳаси мутахассислари бу соҳадаги рақобат муҳитига салбий таъсир қилиб, таълим сифатини пасайтиришини таъкидлайди.

2024 йилнинг мартида ўзбекистонликлар мамлакатдаги энг йирик ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro`нинг эгаси ўзгариб қолганидан хабар топди. Давлат активларини бошқариш агентлиги битим тафсилотларини маълум қилмаган.

2024 йил сўнгида «Док-1 Макс» иши жабрланувчилари фойдасига жами 75,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарар ундириш ҳақида суд қарори чиққанди. Ўшанда 2,5 млрд сўм тўлангани, аммо қолган сумма тақдири мавҳум қолаётгани айтилганди. Жабрланувчиларнинг ота-оналари эса бундан норози бўлиб, тўлиқ сумма тезроқ ундирилишини сўраганди.
Бир қатор етакчилар ўша пайтда давлат дори-дармон бозорида назорат жараёнларини жорий қилиши, бу жараёндаги хатоликлар учун масъулиятни ҳам бўйнига олиши ва зарарни ўзи қоплаб бериб, кейин айбдордан ўша суммани ундириб олиши кераклигини таъкидлаганди.
