Сурхондарёга борган киши борки, албатта чўпонча ё тандир кабобдан тотиб кўради, эсдаликка эса, одатда, чанқовуз олиб қайтади. Чўпонча ва тандир гўштнинг энг зўри қаерда қилиниши — охири йўқ баҳс мавзуси. Чанқовуз-чи, унинг энг яхшиси қаерда ясалади? Масалан, бойсунлик темирчилар уни маромига етказиб тайёрлайди, дейиш мумкин.
30 йиллик темирчи, чанқовуз ясаш бўйича 10 йиллик тажрибага эга Эркин Мусулмонов энг яхши чанқовузларини чет эллик сайёҳларга 50 минг сўмдан сотган пайтлари ҳам бўлган. Ҳа, овози деярли ҳаммага таниш бўлган бу «бир парча» темир кўп ҳам қиммат эмас. Лекин, устанинг айтишича, бугун бу чолғуга эътибор ҳам, талаб ҳам анча сусайган.