Тошкент вилояти Оҳангарон туманида тўхтатилган Cobalt машинасида салкам 5 кг гиёҳвандлик моддаси топилди, дея хабар қилди ДХХ.

Хабарга кўра, Тошкент-Андижон йўналишида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган Cobalt русумли автомашина Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани «Чинор» йўл патруль пости ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Кўриб чиқиш жараёнида автомашина ичида унга ҳамроҳ бўлиб кетаётган Ўш шаҳрида яшовчи, 1971 йилда туғилган фуқаронинг ёнида 4 кг 897 грамм гашиш моддаси топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Кейинчалик тергов ҳаракатлари давомида, мазкур Қирғизистон фуқароси ушбу модданинг Бухоро тумани дала майдонидаги махфий жойдан олинганини маълум қилди. Ҳудудни кўздан кечирганда, у ерда яна 45 кг 52 грамм гашиш моддаси аниқланиб, расмийлаштирилди.

ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармаси тергов бўлими томонидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланди.

Дастлабки тергов маълумотларига кўра, мазкур тахминан 50 кг гача бўлган гиёҳвандлик воситаси Афғонистондан контрабанда йўли билан Бухоро вилоятига олиб келинган ва Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит сифатида олиб ўтилиши режалаштирилган.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.