Жанубий Кореяда E-9 визаси асосида ишлаш даврида қонунчилик талабларини бузиб, ноқонуний мақомга тушган 26 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жарима қўлланди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бу фуқароларга агентлик томонидан уч томонлама шартнома асосида ноқонуний юрган ҳар бир ой учун 2000 доллар миқдорида жарима тайинланган.
Е-9 (нопрофессионал бандлик) — бундай виза Жанубий Кореянинг ҳамкор давлатидан бирининг фуқаролари бўлган, шунингдек, хорижий ишчиларни ёллаш тўғрисидаги қонунга мувофиқ қўл меҳнати соҳасида ишлаётган чет элликларга берилади. 3 йил амал қилади, муддати узайтирилиши мумкин.
Жанубий Кореядаги рейдлар
Корея Адлия вазирлиги, полиция, денгиз полицияси, Бандлик вазирлиги ҳамда Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 12 декабргача қўшма рейдлар ўтказилмоқда. Улар ноқонуний яшовчилар, маҳаллий аҳолининг иш ўринларини эгаллаётган хорижликлар, воситачилар ҳамда ахлоқ меъёрларига зид фаолият юритувчиларни аниқлашга қаратилган.
APEC 2025 KOREA саммити арафасида Гёнжу шаҳри ва унга яқин ҳудудларда назорат янада кучайтирилмоқда, дейилади хабарда.
Қонунбузарлик аниқланган тақдирда, жарима, депортация, Кореяга кириш тақиқи каби чоралар қўлланади.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги рейдлар давомида чет элликларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам эътибор қаратишини маълум қилди. Ўз навбатида, ихтиёрий равишда ноқонуний ҳолатни бартараф этиш келгусидаги ҳуқуқий муаммоларнинг олдини олиши қўшимча қилинди.