3 ноябрь куни президент имзолаган қонун [ЎРҚ-1093-сон] билан «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 15 июлда қабул қилинган, Сенатда 4 сентябда маъқулланган.
Қонун билан «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонун бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақоми, унга қўйиладиган талаблар ва масъулиятига оид янги 151-модда билан тўлдирилмоқда.
Унга кўра:
- бош муҳаррир нашриёт таҳририятининг ижодий фаолиятига раҳбарлик қиладиган, нашриётнинг мавзу режалари ишлаб чиқилиши ҳамда нашрларнинг қонунчилик талабларига, ноширлик фаолияти соҳасидаги техник регламентлар (миллий стандартлар) талабларига мувофиқ тайёрланиши учун масъул экани;
- бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида 3 йил иш стажига эга бўлган шахс тайинланиши мумкинлиги;
- бош муҳаррир ташкилотнинг муассиси (муассислари) ёки раҳбари томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод қилиниши;
- нашриёт нашрларини чиқариш тўғрисидаги қарор бош муҳаррир томонидан қабул қилиниши;
- бош муҳаррир нашриётнинг ижодий фаолияти учун жавобгар экани;
- бош муҳаррир нашрларнинг мавзу йўналишларидан келиб чиқиб, тегишли экспертлар ва олимларнинг ёки илмий-тадқиқот муассасаларининг тақризларини мустақил равишда олишга ёки муаллифдан (муаллифлардан) уларнинг тақдим этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланмоқда.
Шунингдек, қонун билан китобхонликни рағбатлантириш китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш принципи сифатида белгиланмоқда.
Ушбу қонун парламентда кўриб чиқиш жараёнида фаоллар томонидан эҳтимолий цензура хавотирларини билдирилганди.
Хусусан, таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг эътибор қаратишича, парламент қуйи палатасининг Telegram’даги расмий хабарида «Қонун лойиҳаси… нашр этилаётган китобларнинг сифати ошишига, хуқуқий, маънавий-маърифий ва эстетик талабларга мос келмайдиган адабиётлар чоп этилишининг олдини олишга, адабиётлардаги тарихий, илмий ва оммавий маълумотлар янада аниқ ва ишончли бўлишига… қаратилган»и ҳақида гап боради.
Кейинчалик бу хабар таҳрирланган, аммо бу қисм сайтда қолган.
«Миллий тикланиш» партияси ролигига кўра, партия етакчиси, депутат Алишер Қодиров бир неча қонун лойиҳалари муҳокамаси чоғида шундай деган: «Битта китоб билан болага нотўғри концепцияни миясига жойлаштириб қўйиш мумкин. Битта боламизга битта тескари китоб ўқитгандан кейин унинг оқибати 25 йил давом этади». Катта эҳтимол билан бу «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар муҳокамаси билан боғлиқ.
Комил Жалилов қонун лойиҳаси китобларни цензура қилишга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтди.
««Маънавий маърифий ва эстетик талаблар» деганда нима назарда тутилмоқда? Бу талабларни ким, қайси мезонлар асосида белгилайди? Кимнингдир «маънавияти»ни «шокка тушириши» мумкин бўлган асарлар (масалан, Нобель олган Сарамагонинг «Кўрлик» ёки Хан Ганнинг «Вегетариан аёл» романлари сингари) тақиқланади, деганими? Балки «1984» ёки «Бузрукнинг кузи» сингари асарлар «маънавий» ёки «эстетик» мезонларга тўғри келмай қолар?» — деб сўраганди у.
«„Тарихий, илмий, оммабоп маълумотлар аниқлиги“ нима дегани — қабул қилинган (мейнстрим) қарашларга мос келмайдиган (масалан, золимни золим, диктаторни диктатор дейдиган) китоблар тақиқланадими?» — деб ёзди эксперт.
У парламентни қонун лойиҳаси матнини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилишга чақирганди.
