Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 5 ноябрь куни амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрига келди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
«Эндрюс» авиабазасида давлат раҳбарини АҚШ давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау, АҚШ — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 5−6 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон ва АҚШ етакчилари учрашади ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг «С5+1» форматидаги саммитида ўтказилади.
Тадбирлар дастуридан АҚШ Конгресси ва ҳукумати вакиллари билан музокаралар, ушбу мамлакат етакчи компанияларининг раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ҳамда ишбилармон доиралар иштирокидаги давра суҳбати ҳам ўрин олган, дейилади хабарда.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Дональд Трамп билан сўнгги 45 кундаги иккинчи учрашуви бўлади. 24 сентябрь куни БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон ва АҚШ президентлари музокаралар олиб борганди. Шавкат Мирзиёев ўшанда АҚШ етакчисининг ички ва ташқи сиёсатдаги муваффақиятини қайд этган ва унга қулай вақтда Ўзбекистонга келишни таклиф қилганди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистонга АҚШ делегацияси, жумладан, АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау келганди. Томонлар ҳамкорликни, жумладан, хавфсизлик, молия ва муҳим минераллар соҳаларида ривожлаштириш, Вашингтондаги C5+1 саммитига тайёргарликни муҳокама қилган.
Видео
Фото






