Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб чиқинди хизматлари учун тўловлар жисмоний ва юрдик шахслар томонидан фақат онлайн тарзда барча электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.

Бу эндиликда хизмат учун тўловларни уйма-уй ундириш амалиёти тўхтатилишини англатади.

«Мазкур чора-тадбирлар соҳада аҳолига қулай тўлов тизимини яратиш, биллинг ҳисобларини юритишда шаффофликни таъминлаш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Ўзгариш ҳақида агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги барча санитар тозалаш корхоналарига тегишли кўрсатмалар берилган.

Энди тўловлар фақат:

  • агентликнинг «Тоза макон» биллинг тизими;
  • электрон тўлов тизимлари;
  • интернет алоқаси билан таъминланмаган, ҳудуд марказидан олис масофада жойлашган аҳоли яшаш пунктлари учун истисно тариқасида тижорат банклари кассалари, «Ўзбекистон почтаси» АЖ почта бўлимлари орқали амалга оширилади.

Амалдаги тартибга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабарнома (SMS) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чекланади.

Соҳадаги бошқа бир янгилик шуки, аҳоли чиқинди машиналарининг келиш вақти ва йўналишини онлайн билиши мумкин бўлади (қачондан экани — номаълум). Бу бўйича август ойида президент топшириқ берганди.