Тошкент вилоятида янги аэропорт қуриладиган ҳудудда янги лойиҳалар ва қурилиш ишлари чекланади, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти кадастр бошқармаси матбуот хизмати.
«Янги аэропорт учун мўлжалланган ҳудуддаги мавжуд мулклар қиймати асоссиз ошишининг олдини олиш мақсадида янги фойдаланувчиларга тақсимлаш, расмийлаштириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қурилиш ишларини олиб бориш чекланади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, бошқарма янги аэропорт учун мўлжалланган ҳудудда аҳоли кўчирилишини ҳамда аҳоли хонадонларига ва фермер хўжаликлари ҳудудидаги мавжуд бино-иншоотларига компенсация тўлаб берилишини маълум қилди.
Шу мақсадда ҳудуд тўлиқ хатловдан ўтказилиб, турар ва нотурар жой бинолари ҳамда қишлоқ хўжалиги экинзорлари эгаларига етказиладиган зарарни қоплаш учун компенсация миқдори аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари туташ ҳудудида 1300 гектар майдонда қурилмоқда.
Аввалроқ Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими аҳоли билан мулоқотда уйлар ва иншоотларга компенсация тўлаб берилишини маълум қилганди. Аэропорт учун туманнинг Халқобод ва Янгийўл маҳаллаларидан ер ажратилган.
Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни янги аэропорт қурилишига старт берди. Маросимда у аэропорт қурилиши Ўзбекистонни «Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган» минтақавий авиация хабига айлантириш учун пойдевор яратишини таъкидлади.
Gazeta аэропорт Янгийўлдан тахминан 7 км шарқда қурилиши ҳақида ёзган эди (манзил). Лойиҳа Vision Invest (Саудия Арабистони, 45%), Sojitz Corporation (Япония, 30%), Incheon Airport Corporation (Жанубий Корея, 15%) ва Uzbekistan Airports (10%) иштирокида давлат-хусусий шериклик шаклида амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда лойиҳага 2,6 миллиард доллар сармоя киритилади, шундан 1,8 миллиарди аэровокзал қурилишига, 800 миллиони аэродром инфратузилмасига йўналтирилади.
Аэропорт йилига 20 миллион йўловчи ва 129 минг тонна юк ташиш, соатига 30 тагача учиш ва қўниш, бир вақтнинг ўзида 62 та самолётни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Duty Free майдони 46 минг квадрат метрни ташкил этади. Аэропортга тезюрар автомагистраль ва темир йўл қурилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа давлатга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради.