Зилзила туфайли вақтинча тўхтатилган Ўзбекистондан Афғонистонга электр етказиб бериш қайта тикланди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси хабар берди.
Компания маълумотларига кўра, душанбага ўтар кечаси Саманган ва Балх вилоятларида содир бўлган кучли ер силкинишлари Ўзбекистондан мамлакатга электр энергияси етказиб бериладиган электр узатиш тармоқларига зарар етказган. Қайта тиклаш ишлари такрорий силкинишлар, кўчкилар ва кучли шамол туфайли мураккаблашди.
Шунга қарамай, DABS бригадалари шикастланишларни бартараф этишга муваффақ бўлди ва сешанба куни кечқурун импорт қилинадиган электр энергиясини тўлиқ тиклади, дейилади хабарда.
Электр таъминоти қайта тикланганидан сўнг Кобул, Бағлон, Парвон, Панжшер, Капис, Логар, Пактия, Майдан-Вардак, Ғазна, Лағмон ва Нангарҳорда электр таъминоти тикланди, дея маълум қилди компания.
Шунингдек, Тожикистондан электр энергияси етказиб бериш қайта тикланди.
Афғонистон бугунги кунда мамлакат ичида тахминан 250 МВт электр энергиясини ишлаб чиқаради ва Туркманистон, Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистондан қўшимча 800 МВт электр энергиясини сотиб олади, бунинг учун йилига 250−280 млн доллар сарфлайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясининг асосий етказиб берувчиси ҳисобланади.
Душанбага ўтар кечаси Афғонистон шимолидаги Балх ва Саманган вилоятлари туташган жойда 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 27 киши ҳалок бўлган, 960 дан ортиқ киши жароҳатланган.