1000 нафаргача Ўзбекистон фуқаролари Туркиянинг Анталья шаҳридаги меҳмонхоналарга мавсумий ишларга жалб қилиниши мумкин, деб хабар бермоқда Дунё ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Туркияга ташрифи доирасида маҳаллий иш берувчилар билан учрашув ўтказди. Иштирокчилар Туркияда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний бандлигини таъминлаш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, бандлик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, Туркияда мавжуд бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда ишга танлаш ва жойлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Туркиядаги хусусий бандлик агентликлари томонидан қурилиш, ишлаб чиқариш, уй хизматлари, сервис ва туризм йўналишлари бўйича 2000 дан ортиқ бўш иш ўринлари мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, Анталья шаҳрида фаолият юритувчи Mos İnsan Kaynakları İşkur Özel İstihdam Bürosu масъуллари ҳудуддаги 10 дан ортиқ меҳмонхоналарга 500−1000 нафар Ўзбекистон фуқароларини мавсумий ишларга жалб қилиш имконияти мавжудлигини билдириб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини ишга танлаш ва жойлаштириш жараёни билан боғлиқ мавжуд камчиликлар хусусида ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди. Иш берувчилар билан ушбу муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Аввалроқ БААнинг Dubai Taxi Company PJSC компанияси Ўзбекистон фуқароларини такси ҳайдовчиси сифатида ишга жалб қилиши мумкинлиги хабар берилганди. Корхона раҳбари ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Дастлабки босқичда 200 киши ишга жалб қилинади, улар юқори меҳнат самарадорлигини кўрсатса, яна 500 ўзбекистонлик ишга чақирилади.
Эслатиб ўтамиз, бош вазир Абдулла Арипов 2024 йил ноябрь ойида бу йил Германия, Буюк Британия, Япония, Корея Республикаси, Исроил, Канада, Польша, Туркия, Саудия Арабистони, БАА ва бошқа иқтисодий ривожланган 21 та давлатда 200 мингдан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш чораларини кўриш режалаштирилганини айтган эди.
2025 йилнинг биринчи ярмида 86,3 минг нафар Ўзбекистон фуқароси 17 дан ортиқ давлатга ишга жойлашган. 17 та давлат ва 22 та халқаро ташкилот вакиллари билан ўтказилган музокаралар натижасида 1500 доллардан юқори маошли 211 мингта янги иш ўрни аниқланган.