1 октябрь ҳолатига 149465 нафар жисмоний шахс ихтиёрий равишда ўзига кредит расмийлаштирилишини тақиқлади. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) хабар берди.

Жисмоний шахслар учун ўз маълумотларини кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритиш хизмати 6 июндан бошлаб ишга тушганди. У орқали шахс кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритилиши ёки реестрдан чиқарилиши мумкин.

Ўзига кредит расмийлаштирилишини 101 467 нафар эркак ва 47 998 нафар аёл тақиқлади. Ушбу механизмдан энг фаол фойдаланувчилар — 26−35 ёшдагилар бўлиб, уларнинг сони 50 180 нафарни ташкил этади (умумий фойдаланувчиларнинг 33,6 фоизи). Шунингдек:

  • 36−45 ёшдагилар — 38 257 киши (25,6%);
  • 26 ёшгача бўлганлар — 28 692 киши (19,2%);
  • 46−55 ёшдагилар — 18 805 киши (12,6%);
  • 56 ёшдан катталар — 13 528 киши (9%)ни ташкил қилади.

Ушбу хизматни ёқиш ёки ўчиришни бир нечта усуллар орқали амалга ошириш мумкин:

  • КАТМ мобил иловаси орқали — «Оммабоп хизматлар» бўлимидан «Кредитга тақиқ» хизмати орқали (Android, iOS ва Huawei AppGallery);
  • Кредит бюросининг веб-сайтида шахсий кабинет ёки колл-марказ (+998 712034747) орқали;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш» хизмати орқали;
  • Давлат хизматлари марказлари орқали.

кредит, кредит тақиқлаш, статистика

Gazeta аввалроқ 2023 йилда 2790 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз 19 миллиард сўмлик кредитлар берилгани, жорий йилнинг саккиз ойида эса 874 нафар жисмоний шахс жабрлангани, уларга 36,6 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳақида хабар берганди. Ички ишлар вазирлиги киберхавфсизлик маркази маълумотларига кўра, 2019−2024 йилларда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони 68 бараварга ошган.

Эслатиб ўтамиз, энди банкларга мижозларга кредит рисклари ҳақида чеклистлар тақдим этиш ҳамда мажбурий опциялар ва автотўлдириладиган майдончалар амалиётига барҳам бериш мажбурий бўлди. Ижтимоий нафақа қарзларини ҳисобдан чиқариш, сўралганидан ортиқча кредит таклиф қилиш, тўловларни олдинроқ ундириш ҳам тақиқланди.