Ўзбекистонда кибержиноятларнинг 98 фоизини банк карталари билан боғлиқ жиноятлар ташкил этмоқда. Бу ҳақда 3 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ Киберхавфсизлик маркази масъул ходими, капитан Мақсуджон Мирабдуллаев маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Вазирлик вакилига кўра, 2021−2024 йилларда кибержиноятлар оқибатида фуқароларнинг 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-торож қилинган. 2024 йилнинг ўзида эса зарар 603 миллиард сўмни ташкил этди.
«2023 йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, бу рақам 2024 йилда 44,4 фоизга етиб, деярли ҳар иккита жиноятнинг бири ахборот технологиялари орқали содир қилинган. Ўтган йили 58 800 та жиноят иши қўзғатилди», — дейди Мақсуджон Мирабдуллаев.
Фото: Ички ишлар вазирлиги
ИИВ расмийсининг таъкидлашича, кибержиноятлар асосан қуйидаги усулларда содир этилмоқда:
-
60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш йўли билан;
-
16 фоизи турли алдовлар (сохта қўнғироқлар ва ҳоказо) билан банк картаси ҳамда мобил иловалардаги аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи SMS кодни қўлга киритиш йўли билан;
-
4 фоизи ўзгалар номига ноқонуний онлайн кредит расмийлаштириш орқали;
-
11 фоизи Olx.uz, Olcha каби онлайн савдо ва бошқа платформаларидаги фирибгарликлар орқали;
-
9 фоизи сохта электрон биржа ва сохта онлайн трейдинг фаолиятига қизиқтириш йўли билан.
«Машҳур шахслар: санъаткорлар, блогерлар, спортчиларнинг қиёфаларидан фойдаланган ҳолатда ҳам дипфейк жиноятлари амалга ошириляпти. Яъни сунъий интеллект орқали уларнинг сохта видеолари тайёрланиб, онлайн кредитлар расмийлаштириш мақсадида фойдаланиляпти. Одамлар эса бунга ишониб, қурбон бўлмоқда. 31 фоиз жиноятлар шундай йўллар билан содир этиляпти», — дейди вазирлик расмийси.
Унинг қайд этишича, кибержиноятлар кўпинча тизим ёки платформаларни бузиш орқали содир қилинмайди.
«Телефонига келган SMS кодни ҳам айтиб бераётган, сохта трейдингларга ишониб, пул ўтказиб бераётган ҳам фуқароларнинг ўзи. Шунингдек, одамларнинг ўзи қандайдир онлайн савдодан ютуқ ютиб олгани ҳақидаги хабарга ишониб, унинг етказиб бериш хизматига пул ўтказиб бермоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Марказий банк, тўлов ташкилотлари билан бирга тезкор штаблар ташкил қилдик. Кибержиноят кузатилган вақтда зудлик билан „102“ ёки „11−02“ қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб, хабар бериш мумкин. Биз биринчи навбатда жиноятдан ҳам кўра пулни тўхтатиб қолиш масаласини кўрамиз, яъни маблағ ўтказилган пластик карталарни музлатиб қўйиш имконияти бор», — дейди Мақсуджон Мирабдуллаев.
«Кибержиноятчилар турли давлатлардан туриб ҳам жиноятни амалга оширмоқда. Уларни аниқлаб, топишга катта вақт кетади. Ижтимоий тармоқларда „Нимага ички ишлар органлари пулларимизни қайтариб бермаяпти?“, „Нега орган ходимлари тезкорлик билан топиб бермайди?“ мазмунидаги турли хабарларга кўзимиз тушади. Биз пулларни қайтариб берадиган орган эмасмиз. Вазифамиз — жиноятчиларни қўлга олиб, тергов органларига топшириш. Пулларни қайтариш эса суд қарори билан амалга ошадиган жараён. Агар фуқаролар кибержиноят ҳақида зудлик билан хабар берса, биз пулларни музлатадиган бўлсак, шунда маблағни тезкорлик билан қайтариш имкони бўлади», — дея қўшимча қилди ИИВ расмийси.
Аввалроқ эндиликда ҳар йил якунида энг кўп кибержиноят қайд этилаётган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилиниши ҳақида хабар бергандик. ИИВга кўра, бундан мақсад банклар ва тўлов ташкилотларининг ўз ахборот хавфсизлиги сиёсати ҳамда киберхавфсизлик талабларига риоя этиш борасидаги масъулиятини кучайтиришдир.
