• Вс. Дек 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

5 ноябрь куни эълон қилинган энг муҳим янгиликлар дайжести – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Шавкат Мирзиёев Вашингтонга етиб борди, у ерда бир гуруҳ ватандошлар билан кўришди

Вашингтонга етиб борган Шавкат Мирзиёевни АҚШ давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау кутиб олди. Шундан сўнг давлат раҳбари АҚШда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошлар билан кўришди. Ташриф давомида Мирзиёевнинг Трамп билан сўнгги 45 кундаги иккинчи учрашуви бўлиб ўтади. Фото, видео.


дайжест

«Бугундан кураш бошламасак, янги турдаги наркотиклар кириб келиши хавфи мавжуд» — Сергей Гордеев

Ўзбекистон президентига гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш, прокуратура тизимини рақамлаштириш ва киберхавфсизлик соҳасида ҳуқуқий таълимни ривожлантириш бўйича ташаббуслар тақдим этилди. «Бугундан бошламасак, янги турдаги наркотиклар ёшлар орасига кириб келиши хавфи мавжуд», — деди ПА вакили.


дайжест

«Вашингтон МО давлатларининг йирик қўшнилари олдида ўз манфаатларини ҳимоя қила олиш қобилияти муҳимлигини тушунади» — АҚШ собиқ элчиси

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Ҳёрбстнинг фикрича, Вашингтоннинг МОга нисбатан ҳозирги ёндашуви янада прагматик, ўзаро манфаатли келишувларга йўналтирилган. «МО — АҚШ» саммити арафасида у Gazeta`га АҚШ маъмурияти ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапириб берди.


дайжест

Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш тикланди

Афғонистоннинг DABS энергетика компанияси маълум қилишича, электр узатиш линияларига зарар етказган зилзиладан сўнг Ўзбекистондан Афғонистонга электр таъминоти тикланди. Кобул ва Бағлон жумладан 11 та ҳудудда электр таъминоти қайта йўлга қўйилди.


дайжест

Туркиянинг Prima компанияси Ўзбекистонда шахсий гигиена товарлари ишлаб чиқаришга 20 млн доллар сармоя киритмоқчи

Tashkent Pharma Park кластери ҳудудида болалар тагликлари ва гигиена воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. 20 млн долларлик лойиҳани Procter & Gamble корпорацияси таркибидаги Prima турк компанияси амалга ошириши режалаштирилмоқда.


дайжест

Ўзбекистон сентябрь ойида дунёда олтин сотган ягона мамлакат бўлди — Жаҳон олтин кенгаши

Ўзбекистон сентябрь ойида дунёдаги ягона олтин сотувчиси бўлди. Марказий банк бир ой ичида 4 тонна олтин сотган, йиллик кесимда эса сотув ҳажми 21 тоннани ташкил этди.


дайжест

Олтин нархининг ошиши Ўзбекистон бюджетига кўпроқ даромад келтирди, аммо харажатлар ҳам прогнозлардан тезроқ ўсмоқда

Жаҳонда олтин нархининг ошиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча даромад келтирди, шу сабабли ҳукумат харажатларни прогноздан тезроқ оширди. Тўққиз ой давомида давлат бутун йилга мўлжалланган харажатлар режасини 90,4 фоизга бажарди, дея хабар берди Марказий банк.


дайжест

Ўзбекистон экспорти янада диверсификацияланяпти, аммо хомашёга боғлиқлигича қолмоқда

Ўзбекистоннинг савдо географияси кенгайиши ва хизматлар улуши ортаётгани туфайли экспорт ҳажми ўсишда давом этмоқда. АҚШ, Франция, БАА ва Озарбайжонга юк ташиш ҳажми ошмоқда, Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркияга қарамлик камаймоқда. Аммо экспорт тушумларининг учдан икки қисми — хомашё товарлари.


дайжест

Янги Тошкент аэропорти қуриладиган ҳудудда янги қурилиш ишлари олиб бориш тақиқланди

Тошкент вилоятида янги аэропорт қуриладиган ҳудудда янги лойиҳалар ва қурилиш ишлари чекланади. Бу ушбу ҳудуддаги мавжуд мулклар қиймати асоссиз ошишининг олдини олиш мақсадида қилинмоқда. Ҳудуд тўлиқ хатловдан ўтказилиб, бинолар ва экинзорлар эгалари учун компенсация миқдори аниқланади.


дайжест

Бухорода фуқаро 24 туп дарахтни қўпориб ташлаб, табиатга 189,5 млн сўм зарар етказди

Олот туманида фуқаро 24 туп жийда дарахтини ўзбошимчалик билан экскаватор ёрдамида қўпориб ташлаган. Бунинг оқибатида табиатга 189,5 млн сўм зарар етган.


дайжест

Тожикистонда юз берган зилзила Сирдарёда сезилди

Тожикистонда содир бўлган зилзила кучи Сирдарё вилоятида 2−3 балл бўлиб сезилди. Эпимарказдаги силкиниш кучи 5 баллга тенг бўлган.


дайжест

Тошкент вилоятида солиқ инспектори фермердан пора талаб қилишда гумонланиб ушланди

Оҳангаронда солиқ инспектори солиқ текширувини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, фермердан 5 минг доллар пора талаб қилишда гумонланиб қўлга олинди. Шунингдек, Навоийда спорт мактаби директори ва бош ҳисобчиси мураббийнинг хизмат сафари пулларидан улуш талаб қилганликда гумонланиб ушланди.


дайжест

Ўзбекистонда Raqamli prokuror ахборот тизимлари комплекси жорий этилади

Ўзбекистонда 2030 йилгача прокуратура органлари фаолияти автоматлаштирилади. Янги Raqamli prokuror ахборот тизимлари комплекси қонунлар ижросини масофадан назорат қилиш имконини беради, «E-tergov» тизими тергов жараёнларини тўлиқ электрон шаклга ўтказишни таъминлайди.


дайжест

Кибержиноят кўп содир этилаётган банклар рўйхати оммага эълон қилиб борилади — ИИВ

Ҳар йил якунида энг кўп кибержиноят қайд этилаётган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилинади. ИИВ вакилига кўра, бундан мақсад банклар ва тўлов ташкилотларининг ўз ахборот хавфсизлиги сиёсати ҳамда киберхавфсизлик талабларига риоя этиш борасидаги масъулиятини кучайтиришдир.


дайжест

Ўзбекистон фуқаролари Туркиядаги меҳмонхоналарга мавсумий ишларга жалб қилиниши мумкин

Ўзбекистонликлар Туркия меҳмонхоналарига ишга жалб қилиниши мумкин. Туркия хусусий бандлик агентликлари қурилиш, ишлаб чиқариш, уй хизматлари ва туризм соҳасида 2000 дан ортиқ бўш иш ўринлари борлигини айтган. Хусусан, Антальядаги 10 дан ортиқ меҳмонхоналарга 500−1000 киши жалб қилиниши мумкин.


дайжест

Самарқанд — Душанбе авиарейси йўловчилар камлиги туфайли тўхтатилди

Centrum Air Самарқанд — Душанбе — Самарқанд авиақатновини тўхтатди. Бу қарорга йўналиш бўйича талаб пастлиги сабаб бўлган. Мунтазам авиарейслар 7 йиллик танаффусдан сўнг 20 июлдан бошлаб қайта йўлга қўйилганди. Ҳозирда Centrum Air фақат Тошкентдан Душанбега парвозларни амалга оширмоқда.


дайжест

Ўзбекистонда қарийб 150 минг фуқаро ўзига кредит расмийлаштирилишини тақиқлади

Ўзбекистонда тўрт ой ичида қарийб 150 минг киши ихтиёрий равишда ўзига кредит расмийлаштирилишини тақиқлади. Уларнинг кўпчилигини 26−35 ёшдаги фуқаролар ташкил этади.


дайжест

Ўзбекистонда 1 январдан давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади

Ўзбекистонда 1 январдан фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий ва ихтиёрий асосда қамраб олинади. 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, 2026 йил 1 июлдан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси автоматик шаклда тайинланади.


дайжест

Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи эълон қилинди

Ўзгидромет 5−7 ноябрь кунлари ҳаво кескин ўзгариши туфайли Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент ҳудудларидаги тоғли жойларда қор кўчиши хавфини эълон қилди.


дайжест

Ўзбекистонда кибержиноятлар умумий жиноятларнинг салкам ярмини ташкил қиляпти. ИИВ уларнинг содир этилиш усулларини очиқлади

Ўзбекистонда кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ бўлиб, фуқаролар 4 йилда 1,9 трлн сўм зарар кўрган. 2024 йилда умумий жиноятларнинг 44,4 фоизи кибержиноятлар ҳиссасига тўғри келди. Машҳурлар қиёфасидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш (дипфейк) ҳам оммалашмоқда. ИИВ таҳлили.


дайжест

ЮНЕСКО 15 декабрни Бутунжаҳон туркий тиллар куни деб эълон қилди

ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқанддаги сессиясида 15 декабрь Бутунжаҳон туркий тиллар куни деб эълон қилинди. Бу сана рамзий маънога эга: 1893 йилнинг айнан шу куни даниялик олим Вилгелм Томсен Ўрхун битиклари алифбосини ўқиб чиққанини эълон қилган.


дайжест

34 ёшли демократ-социалист Зоҳран Мамдани Нью Йорк мэри бўлди

Нью Йорк мэрлиги учун сайловда демократ-социалист Зоҳран Мамдани ғалаба қозонди. 34 ёшли сиёсатчи 100 йилдан ортиқ вақт ичида шаҳарнинг энг ёш мэри, бу лавозимдаги илк мусулмон ва шаҳарнинг келиб чиқиши жанубий осиёлик бўлган илк раҳбари бўлди. Сайловда 1969 йилдан бери энг юқори давомат кузатилди.


дайжест

АҚШда юк самолёти қулаши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди

АҚШнинг Кентукки штатида UPS компаниясининг юк самолёти ҳалокатга учради, оқибатда камида 7 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди. Самолёт бортида тахминан 144 минг литр ёнилғи бўлган, ҳодисадан сўнг ёнғин бошланиб, кенг ҳудудга тарқалди.


дайжест

АҚШда давом этаётган шатдаун мамлакат тарихидаги энг узоғи бўлди

АҚШ ҳукуматининг шатдауни бошланганига 35 кун 9,5 соат бўлди ва бу мамлакат тарихидаги энг узоқ давом этган шатдаундир. 650 минг федерал давлат хизматчиси ҳақ тўланмайдиган таътилда, яна 600 минг киши маош олмасдан ишламоқда. Шатдаун давом этса, АҚШ ҳаво ҳудудининг айрим қисмлари ёпилиши мумкин.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *