Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан ўзбекистонлик фуқаро ва унинг икки фарзанди ватанга қайтарилди, деб хабар қилмоқда Dunyo.

Таъкидланишича, Россиянинг Новосибирск шаҳрида оғир моддий аҳволга тушиб қолган ушбу оилага консуллик ҳужжатлари расмийлаштирилиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган.

Бош консулхона томонидан уларнинг Ўзбекистонга қайтиши учун тегишли сертификатлар берилиб, Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан авиачипталар сотиб олинган.

Аввалроқ Россиянинг Екатеринбург, Волгоград, Уфа, Москва вилояти, Новосибирск каби шаҳарларида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Бундан ташқари, назоратсиз қолган ёки оғир ижтимоий аҳволдаги яна 16 нафар вояга етмаган бола ватанга олиб келинган.

Бир неча кун аввал Киев вилоятидаги иссиқхонада ишлашга мажбурланган 19 нафар ўзбекистонлик Молдова орқали ўз ватанига қайтарилди. Уларнинг озод этилгани ҳақида Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари сентябрь ойида хабар берганди.