Тошкент шаҳрида фуқаро приматлар оиласига мансуб лемурни сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда шаҳар экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганишларга кўра, инглизча номи Ring-tailed Lemur (ҳалқасимон думли лемур) бўлган тур йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари савдоси тўғрисидаги CITES конвенциясининг I иловасига киритилган бўлиб, унинг тижорат мақсадида сотилиши, экспорт ёки импорт қилиниши қатъиян тақиқланган.

Мазкур ҳолатда фуқаро томонидан Ўзбекистон Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс моддалари қўпол равишда бузилган.
Шу муносабат билан фуқарога нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, материаллар жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судига кўриб чиқиш учун юборилган.

Олиб қўйилган лемур эса 3 ноябрь куни Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари томонидан вақтинча карантин шароитида сақлаш учун қабул қилиб олинган.
