Қорақалпоғистон Республикасида тузни қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатдан мақсад — «Барсакелмес» туз конининг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш.
Қарорга кўра, «Барсакелмес» туз конида 2026 йилда камида 50 млн доллар миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилади. Шунингдек, 2026−2030 йилларда жами 200 млн доллар миқдоридаги инвестициялар жалб қилинади.
Конда қўшимча инфратузилма ташкил этиш орқали тузни қайта ишлаш учун қулай шароит яратиш, дунё бозоридаги йирик инвесторларни жалб қилиб, янги экспорт бозорларини ўзлаштириш кўзла тутилган.
Қўнғирот туманидаги «Барсакелмес» туз кони ҳудудида («Устюрт» овул фуқаролар йиғинидан) чегараларда тузни қайта ишлашга ихтисослаштирилган Kungrad Salt Free Zone саноат зонаси ташкил этилади. Йил сўнггигача саноат зонасининг бош режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
2025−2026 йилларда 50 гектар ер участкасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади, келгуси йилларда заруратдан келиб чиқиб, саноат зонаси ҳудуди 200 гектаргача кенгайтириб борилади.
Саноат зонасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни бошлаган тадбиркорларга 5 йил муддатга «Нукус» эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми берилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда мавжуд туз захираларини ва истиқболли туз конларини аниқлаш ва ўзлаштириш мақсад қилинган. Бунда истиқболли туз конлари аниқланиб, улар ҳақидаги маълумотлар очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади.
