• Вт. Дек 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон сентябрь ойида дунёда олтин сотган ягона мамлакат бўлди — Жаҳон олтин кенгаши


Ўзбекистон сентябрь ойида дунёдаги ягона олтин сотувчиси бўлди, дейилади Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) ҳисоботида.

Халқаро валюта жамғармаси ва очиқ манбалар маълумотларига кўра, сентябрь ойида марказий банклар томонидан жами 39 тонна олтин сотиб олинган — бу 2025 йилдаги энг юқори ойлик кўрсаткич ҳисобланади.

Жами 43 тонна қимматбаҳо металл харид қилинган. Энг йирик харидор — Бразилия Марказий банки бўлиб, у 15 тонна олтин сотиб олган. Учликка Қозоғистон (8 тонна) ва Гватемала (5 тонна) регуляторлари ҳам кирган. Россия, Туркия, Чехия, Хитой ва Гана ҳам нисбатан кичик ҳажмларда харид амалга оширган.

Ягона олтин сотувчиси Ўзбекистон Марказий банки бўлиб, у 4 тонна олтин сотган. Йиллик кесимда республика 21 тонна билан дунёдаги энг йирик олтин сотувчиси мақомини сақлаб қолиб, Сингапур ва Россияни ортда қолдирмоқда.

Жорий йил бошида Ўзбекистон Марказий банки фаол равишда олтин сотган эди. Бироқ ёз ойларидан бошлаб регулятор стратегиясини ўзгартириб, қимматбаҳо металлни харид қилишга ўтди.

Эслатиб ўтамиз, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон олтин экспортидаги тарихий максимумни янгилаб, 9,9 млрд долларлик олтин сотди. Сентябрь ойининг ўзида 1,5 млрд долларлик олтин экспорт қилинди. Экспорт таркибида олтиннинг улуши 37,1 фоизга етди.

Сентябрда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 4,9 млрд долларга кўпайиб, янги тарихий максимумга — 55 миллиард долларга етди. Йил бошидан буён захиралар ҳажми 33,5 фоизга ўсди. Ўсиш асосан захирадаги олтин қийматининг ошиши ҳисобига рўй берди. Захиралардаги олтиннинг қиймати 4,2 млрд долларга ошиб, 44,2 млрд долларни ташкил этди, айни пайтда олтиннинг физик ҳажми 11,8 млндан 11,6 млн троя унциягача камайди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аввалроқ геология-қидирув ишларида янги ёндашувларни жорий этиш ҳисобига олтин ва уран қазиб олиш ҳажми сезиларли даражада ошганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда олтин қазиб олиш ҳажми 86 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилда 118 тоннага етиши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *