БААнинг Masdar ва AMEA Power компаниялари Ўзбекистонда энергия сақлаш тизимларини қуради. Бу ҳақда Абу Дабида бўлиб ўтаётган ENACT Majlis ва ADIPEC-2025 сунъий интеллект ва энергетика соҳасига оид халқаро форумлар доирасида келишувга эришилди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

«Форум доирасида БААнинг Masdar компанияси билан Навоий вилоятида 300 МВт/600 МВт·соат ва АМЕА Power компанияси билан 200 МВт/800 МВт·соат қувватли 2 та энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича шартномалар имзоланди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, тадбирлар доирасида БАА Саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Аҳмад Ал-Жобир, Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, Etihad Waters, XRG, Global South Utilities, Siemens Energy (Германия), Honeywell Global Regions, Honeywell Process Solutions va SLB (АҚШ), BP (Буюк Британия) ҳамда бошқа ҳамкор компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилган.

Қайд этилишича, учрашувларда Ўзбекистон-БАА ўртасида «яшил» энергетика ва нефть-газ соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинган.

Вазирлик эслатишича, бугунги кунда Masdar компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда умумий қуввати 1247 МВт бўлган 5 та қуёш ва 500 МВт қувватли 1 та шамол электр станцияси ҳамда 63 МВт қувватли 1 та энергия сақлаш тизими ишга туширилган ва барқарор «яшил» энергия ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилмоқда.

Аввалроқ Осиё тараққиёт банки ва ACWA Power Қораўзак туманида шамол электр станцияси ва аккумулятор асосида энергияни сақлаш тизимини қуриш учун 51 млн доллар миқдоридаги қарз пакетини имзолагани ҳақида хабар бергандик. У Марказий Осиёдаги биринчи коммунал миқёсдаги энергияни аккумулятор ёрдамида сақлаш тизимига эга ШЭС ҳисобланади.